Президент қатор хорижий арбобларни қабул қилди
Шавкат Мирзиёев ЮНЕСКО бош директори лавозимига сайланган Ҳолид ал-Ананийни табриклади. Юта штати билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари ҳам муҳокама қилинди.

Президент Шавкат Мирзиёев 12 ноябр куни БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) бош директори лавозимига сайланган Ҳолид ал-Ананийни қабул қилди.
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси якунлари ва БМТнинг ушбу нуфузли институти билан ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Ҳолид ал-Ананийни юксак лавозимга сайлангани билан табриклаб, келгуси фаолиятига муваффақиятлар тилади.
Ўз навбатида, янги сайланган бош директор Ўзбекистон Президентига ташкилотнинг бош тадбири қўллаб-қувватлангани ва юксак савияда ташкил этилгани учун алоҳида миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон ва ЮНЕСКО ўртасида кенг кўламли йўналишларни қамраб олган тизимли ва сермаҳсул ҳамкорлик йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди. Томонларнинг ҳамкорликни янада фаоллаштириш, жумладан, ташкилотнинг мамлакатимиздаги лойиҳавий фаолиятини кенгайтириш борасидаги интилиши қатъий экани тасдиқланди.
ЮНЕСКО Бош конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган стратегик ташаббусларни биргаликда амалга оширишга тайёр экани таъкидланди.
Президент 12 ноябр куни мультимодал ташувлар бўйича халқаро форумда иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдиримни қабул қилди.

Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Кенгашнинг кўп томонлама ташаббусларни мувофиқлаштириш ва илгари суришдаги ўрни ҳамда фаол иштироки ортиб бораётганини ҳисобга олиб, ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Жорий йилда Будапешт ва Габала шаҳарларида ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитларида Ўзбекистон томонидан илгари сурилган стратегик таклифларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.
Президентимиз Оқсоқоллар кенгашининг институционал салоҳиятини мустаҳкамлаш, шунингдек, туркий халқларнинг миллий анъаналари, маънавий мероси ва маданий бирлигини сақлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни илгари суриш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқишни таклиф этди.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Америка Қўшма Штатлари Юта штатининг Исо Масиҳ Охирги замон авлиёлари черкови оқсоқоли Дэвид Беднар ва “Stirling” халқаро хайрия фонди раиси Майлс Хансендан иборат бизнес делегациясини қабул қилди. Учрашувда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жонатан Хеник ҳам иштирок этди.

Ўзбекистон – АҚШ стратегик шериклик муносабатларининг суръати ортиб бораётган шароитда Юта штати билан савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Юта штати ўртасидаги фаол мулоқот ва алмашинувлар мамнуният билан қайд этилди. Рақамлаштириш, таълим ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида қўшма лойиҳалар бошланган.
Инновациялар, тоғ-кон саноати, хотин-қизлар тадбиркорлиги, инклюзив таълим, соғлиқни сақлаш, сув таъминоти ва санитария соҳаларида лойиҳаларни амалга ошириш учун катта салоҳият борлиги таъкидланди.
Якунда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш мақсадида Юта штати губернатори бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этиш юзасидан келишувга эришилди.