Шавкат Мирзиёев қатор сиёсатчилар ва тадбиркорлар билан учрашувлар ўтказди
Тошкент вилоятида саноат зонасини барпо этиш лойиҳасини бошлаш ҳамда Хитой компанияси автомобил йўллари қурилишида иштирок этиши бўйича келишиб олинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент инвестиция форумида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Ломбардия вилояти губернатори Аттилио Фонтана бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Ломбардия Италиянинг аҳолиси энг кўп ва йирик ҳудудларидан бири бўлиб, Европанинг иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган вилоятлари қаторига киради.
Ўзаро манфаатли ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодий ва инвестициявий шерикликни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Яқинда Самарқанд шаҳрида Бош вазир Жоржа Мелони билан ўтган музокараларнинг натижалари, улар давомида ҳудудлараро алоқаларни қўллаб-қувватлашга келишиб олингани катта мамнуният билан қайд этилди.
Бугунги кунда мамлакатимизда Ломбардия компаниялари билан ҳамкорликда помидор, заъфарон етиштириш, нотўқима мато ва трикотаж, озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Тайёр текстиль, автоэлектроника, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, сут ва мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, жамоат транспортини ривожлантириш ва бошқа лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.
Қўшма лойиҳалар портфелини кенгайтириш, Италиянинг илғор технологиялари ва инвестицияларини Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларига янада кенг жалб қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Милан шаҳрида Ўзбекистоннинг саноат ва экспорт салоҳияти кўргазмасини ўтказиш, савдо уйи очиш ва "Uzbek Organic" бренди остида экспорт линиясини ишга туширишга келишиб олинди.
Маданий-гуманитар алмашинувни кенгайтириш мақсадида 2026 йилда Миланда Ўзбекистон музейларининг кўргазмасини ташкил этиш масаласи ўрганилмоқда.
Губернатор, ўз навбатида, Ломбардия ишбилармон доираларининг лойиҳа ва ташаббуслари ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани учун Президентимизга самимий миннатдорлик билдирди. Ўзбекистон ҳудудлари билан кенг кўламли шерикликни йўлга қўйишга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини тасдиқлади.
Учрашув якунида давлатимиз раҳбари Аттилио Фонтанага 2026 йилда Милан шаҳрида бўлиб ўтадиган қишки Олимпиадага тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда муваффақиятлар тилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги мажлиси доирасида Бирлашган Араб Амирликлари энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Учрашувда “Amea Power”, “Etihad Water & Electricity”, “TAQA Water Solutions”, “AD Ports” ва “Masdar” компаниялари раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Суҳбат аввалида вазир давлатимиз раҳбарига БАА Президенти Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён, Бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад Ол Мактум, Вице-президенти Шайх Мансур Ол Наҳаён ва Абу-Даби Амирлиги валиаҳди Шайх Ҳолид Ол Наҳаённинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон Президентининг жорий йил январь ойидаги БААга ташрифи якунида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон-БАА стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани катта мамнуният билан қайд этилди. Товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми, қўшма корхоналар ва тўғридан-тўғри авиақатновлар сони ошмоқда.
Амирликларнинг етакчи компаниялари иштирокидаги лойиҳалар портфели 20 миллиард доллардан ортди. Тўртинчи Тошкент инвестиция форуми доирасида БАА компаниялари билан қатор янги келишувлар имзоланди.
Энергетика, транспорт, логистика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, шаҳарсозлик, сув таъминоти ва бошқа йўналишлардаги йирик лойиҳаларни жадаллаштиришга келишиб олинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хорижий инвесторлар кенгаши мажлиси доирасида Ўзбекистон-Саудия Ишбилармонлар кенгаши ҳамраиси, "ACWA Power" компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян бошчилигидаги йирик компаниялар делегациясини қабул қилди.
Учрашувда "Vision Invest" ва "Riyadh Cables" компаниялари раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Ушбу мамлакат ишбилармонлари билан амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва юртимиздаги устувор лойиҳаларни жадаллаштириш масалалари кўриб чиқилди.
Саудиянинг "ACWA Power" ва бошқа компаниялари билан сермаҳсул шериклик йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди.
Бугунги кунда қўшма лойиҳалар портфели 24 миллиард долларга етган. "Яшил" энергетика соҳасидаги лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Тошкент вилоятида “яшил” водород ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Электр тармоқларини модернизация қилиш, электротехника саноатини ривожлантириш, ахборот технологиялари, транспорт, коммунал хўжалиги ва бошқа йўналишлардаги лойиҳаларни илгари суриш муҳимлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойнинг “China State Construction”, “China General Nuclear Power”, “CAMCE”, “Goldwind” ва “ZTO Express” компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.
Давлатимиз раҳбари Хитой бизнесининг Ўзбекистонга қизиқиши ҳар доимгидек юқори эканини мамнуният билан қайд этди. Ўтган йилнинг ўзида ушбу мамлакатдан жалб қилинган инвестициялар ҳажми 10 миллиард доллардан ошди.
"China State Construction" компанияси директорлар кенгаши раиси Чжен Сюэсюан билан суҳбатда Тошкент шаҳрида йўл инфратузилмасини модернизация қилиш борасидаги ҳамкорлик натижалари юксак баҳоланди. Тошкент шаҳрида маданият объектларини ташкил этиш бўйича истиқболли режалар муҳокама қилинди.
Тошкент вилоятида саноат зонасини барпо этиш лойиҳасини бошлаш ҳамда компания автомобиль йўллари қурилишида иштирок этиши тўғрисида келишиб олинди.
"China General Nuclear Power" корпорацияси раиси Ян Чанли билан музокараларда тоғ-кон саноатида шерикликни мустаҳкамлаш масалалари диққат марказида бўлди. Геология-қидирув ишларини жадаллаштириш ва янги конларни ўзлаштиришга қизиқиш билдирилди. Компаниянинг гибрид қуёш электр станциясини қуриш ва божхона юкларини сканерлаш технологияларини жорий қилиш режалари қўллаб-қувватланди.
"CAMCE" корпорацияси раиси Ван Бо билан пойтахтимизда Олимпия шаҳарчасини барпо этиш бўйича биргаликда амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди. Компания бошқарувида Тошкент шаҳридаги "Янги авлод" индустриал технопарки жадал ривожланаётгани қайд этилди.
Қўшма ташаббуслар портфелини кенгайтириш, хусусан, электр энергетикаси ва Янги Тошкент шаҳрини инфратузилмавий ривожлантириш лойиҳаларини жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

"Goldwind" компанияси раиси Ву Ганг билан компаниянинг "яшил" энергетикани ривожлантиришдаги иштироки юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистонда компания билан биргаликда шамол электр станциялари учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган.
Шамол генераторлари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва жорий лойиҳаларни фаоллаштиришга келишиб олинди.
"ZTO Express" компанияси раҳбари Ху Сянлян давлатимиз раҳбарига Ўзбекистонда товарларни божхона расмийлаштирувидан ўтказишга кўмаклашиш бўйича онлайн платформани ишга тушириш ва "ақлли" логистика омборларини ташкил этиш нияти ҳақида маълумот берди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизга расмий ташриф билан келган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг амалдаги раиси, Финляндия ташқи ишлар вазири Элина Валтоненни қабул қилди.
Суҳбат аввалида олий мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Финляндия Президенти Александр Стуббнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон билан EХҲТ ўртасида амалий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон-Финляндия ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Миллий сайлов тизимини модернизация қилиш, оммавий ахборот воситалари эркинлигини таъминлаш, гендер ва ёшлар масалалари, "яшил" кун тартиби бўйича ташкилот билан конструктив ҳамкорлик ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Иқлим хавфсизлиги ва барқарор ривожланиш масалаларига эътиборни кучайтириш муҳимлиги таъкидланди.

Ўзбекистон-Финляндия муносабатларининг, энг аввало, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги кун тартиби батафсил кўриб чиқилди.
Минтақавий масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди, бўлажак тадбирлар режаси кўриб чиқилди.