Иситиш даврида эски уйлардаги квартира ҳарорати 18-20 даража илиқ бўлиши керак
Рақобат қўмитаси амалдаги қонунчиликни эслатиб, хоналар ҳарорати мазкур меъёрлардан кам бўлишига йўл қўйилмаслигини билдирди.

Хоналарни иситиш бўйича чора-тадбирларни (деразалар, балконлар ва кириш эшикларининг дахлизларини зичлаштириш, иситиш тагсинчларини изоляциялаш) бажариш шарти билан иситиш мавсуми даврида 1995 йилгача қурилган кўп қаватли турар жой хоналаридаги ҳарорат камида 20°С, агар кўп қаватли уйлардаги иссиқлик тизими реконструкция қилинмаган бўлса, турар жой хоналаридаги ҳарорат камида 18°С бўлиши лозим.
Рақобат қўмитаси иситиш мавсуми олдидан қонунчиликдаги меъёрларни эслатиб, қонунбузилиш юз берганда қўмитага мурожаат қилиш мумкинлигини билдирди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, иситиш даври ташқи ҳавонинг ўртача суткалик ҳарорати 8°Сдан паст бўлган 5 кунлик давр тамом бўлган кундан кейинги кундан бошланиши, 8°Сдан юқори бўлганда эса тамомланиши белгиланган.
Етказиб берувчи иссиқлик энергиясини беришда иситиш даврини Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан белгиланган муддатларда бошлайди ва тамомлайди.
"Вазирлар Маҳкамасининг 194-сонли қарори билан тасдиқланган “Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари”нинг 12 ва 13-бандларига асосан, истеъмол хоссалари ва иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш режими белгиланган меъёрларга мувофиқ бўлиши керак. Иссиқ сув таъминоти бўйича сув олиш жойларида иссиқ сувнинг ҳарорати 50—75°С бўлиши керак. Иситиш мавсумида хоналар ҳарорати мазкур меъёрлардан кам бўлишига йўл қўйилмайди", дейди қўмита.
Қайд этилишича, мазкур қоиданинг 4-бандига асосан, кўп квартирали уйларда коммунал хизматлар истеъмолчисининг номидан шартнома ижро этувчи (хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати, бошқарувчи ташкилот ва бошқалар) томонидан тузилиши мумкин. Бунда иссиқлик таъминоти корхоналари, истеъмолчилар ва хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ёки профессионал бошқарув компаниялари ўртасида аҳолига иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни етказиб бериш тўғрисида уч томонлама шартнома тузилади.
9-бандда эса ижро этувчи томонидан иситиш ва иссиқ сув таъминотининг уй ичидаги тизимни фойдаланиш учун техник жиҳатдан яроқли ҳолатда сақлаш шарти билан етказиб берувчи истеъмолчига сифатига кўра стандартлаштириш бўйича норматив ҳужжатлар талаблари, санитария норма ва қоидаларига ҳамда иссиқлик таъминоти шартномаси шартларига мувофиқ бўлган иссиқлик таъминоти бўйича хизматлар кўрсатиши шартлиги белгилаб берилган.
"48-бандига асосан, иссиқлик энергияси беришнинг ҳисобини юритиш Етказиб берувчи билан Ижро этувчи ёки кўп қаватли уй мулкдорлари (бундай уй бевосита бошқарилган тақдирда) ўртасидаги баланс мансублилик чегарасида амалга оширилади ва кўп қаватли уй бўйича умумий ҳисобга олиш асбобининг кўрсаткичларини кўриш Етказиб берувчи ва Ижро этувчининг вакиллари билан биргаликда амалга оширилади", дея эслатади қўмита.
Хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати, бошқарувчи ташкилот ва бошқалар томонидан иссиқлик тармоғининг баланс мансублилиги чегарасида иссиқлик энергияси бериш режими ва сифати бўйича ҳақиқий кўрсаткичларни қайд этиб бориш асосий эътиборга молик жиҳатлар бўлади.
Эслатиб ўтиш керак, 12 ноябрдан Тошкентда иситиш хизматларига янги нархлар жорий этилади.