Пойтахтнинг беш тумани аҳолиси иссиқ сувдан кимёвий ҳид келаётганидан шикоят қилди
Мурожаатлардан сўнг Veolia Energy Tashkent компанияси лаборатория мутахассислари жойларга чиқиб, сув манбалари ва хонадонлардан намуналар олган. Улар кимёвий-бактериологик ҳамда органолептик таҳлиллардан ўтказилади.

Veolia Energy Tashkent компаниясига Тошкент шаҳрининг бешта тумани аҳолисидан иссиқ сув сифати юзасидан мурожаатлар келиб тушмоқда. Бу ҳақда компания матбуот хизмати хабар берди.
Миробод, Яккасарой, Шайхонтоҳур, Чилонзор ва Юнусобод туманлари аҳолиси иссиқ сувдан бегона ҳид келаётганидан шикоят қилган.
Компания маълумотига кўра, мазкур туманларга тармоқ суви ташқи етказиб берувчи — “Тошкент иссиқлик электр маркази” АЖ томонидан узатилади. Veolia Energy Tashkent эса иссиқлик энергияси ва иссиқ сувни турар жой биноларининг ертўла қисмигача етказиб бериш ва тақсимлаш билан шуғулланади.
Мурожаатлардан сўнг компаниянинг аккредитациядан ўтган лабораторияси мутахассислари жойларга чиқиб, сув манбалари ва хонадонлардан намуналар олган. Улар кимёвий-бактериологик ҳамда органолептик таҳлиллардан ўтказилади. Текширув натижалари тадқиқотлар якунлангач эълон қилинади.
Шунингдек, тармоқ суви сифати ҳақидаги маълумотлар технологик жараённи меъёрлаштириш ва магистрал тармоқларни ювиш бўйича шошилинч чоралар кўриш учун “Тошкент иссиқлик электр маркази” АЖга етказилган.
Veolia Energy Tashkent вазият доимий назоратда эканини, сув таъминоти сифатини қисқа муддатда меъёрга келтириш учун етказиб берувчи билан ҳамкорликда зарур чоралар кўрилаётганини билдирди.





