Тошкентда иссиқ сувни 5 кунга ўчириш режалаштирилмаяпти
Veolia Energy Tashkent Тошкентда бу йил баҳорда иссиқ сувни 5 кунга ўчиришларни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда пойтахт ҳокимлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, иссиқлик тармоқларининг гидравлик синовлари кейинроқ бошланади. Бунда, сувнинг ўчирилиши бутун шаҳарда бир вақтнинг ўзида эмас, балки кварталлар бўйича амалга оширилади.
Маълумотда айтилишича, бундай ёндашув ўтказиладиган синовлар сифатини оширади. Мутахассислар эътибори иссиқлик тармоғининг кичик бир қисмига қаратилади, текшириш батафсилроқ бўлиб, кўпроқ нуқсонларни аниқлайди.
"Бир кунлик ўчириш иссиқлик тармоқларини мўлжалланган ҳарорат бўйича синовдан ўтказиш учун зарур. Улар 2 йилда 1 марта ўтказилади. Мутахассислар ҳарорат деформацияси шароитида қувурларнинг мустаҳкамлигини текширадилар.
Тошкент шаҳридаги иссиқлик тармоқлар қониқарсиз ҳолатда. Иситиш мавсумида авария ҳолатлари сонини камайтириш учун, биз иситишаро даврда иссиқлик трассалари участкаларини алмаштирамиз ва нуқсонларни бартараф этамиз. Иссиқлик тармоқларини босқичма-босқич модернизация қилиш натижасида нуқсонлар сони камаяди", — дейилади Veolia Energy Tashkent хабарида.