platina.uz
Жамият

Наркотиклар айланмаси билан боғлиқ вазият оғирлашётгани ростми?

9 ойда жами 1 тонна 555 килограмм гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига чек қўйилган.

Наркотиклар айланмаси билан боғлиқ вазият оғирлашётгани ростми?

Наркотикларнинг ноқонуний тарқалиши жамият хавфсизлигига жиддий таҳдид солувчи омиллардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда дунё миқёсидаги каби Ўзбекистонда ҳам ушбу турдаги жиноятларга қарши кураш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири сифатида изчил амалга оширилмоқда. 2025 йилнинг биринчи 9 ойида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг қонун устуворлигини таъминлашдаги саъй-ҳаракатлари натижасида кўплаб жиноятлар фош этилди ҳамда юзлаб килограмм гиёҳвандлик воситалари мамлакат ҳудудига ноқонуний кириб келишининг олди олинди.

Жорий йилнинг 9 ойи давомида республика бўйича гиёҳвандлик воситалари, психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддаларни контрабанда йўли билан олиб киришга уриниш билан боғлиқ 348 та жиноят аниқланган. Бу жараёнда жами 1 тонна 555 килограмм гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланишига чек қўйилган.

Мазкур ҳолатлар мамлакатимизда гиёҳвандликка қарши курашиш соҳасида тизимли чора-тадбирларни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда. Шу муносабат билан оммавий ахборот воситалари орқали наркотик моддаларга қарши курашишдаги долзарб масалаларни кенг ёритиш ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаларини жамоатчиликка етказиш мақсадида Президент админстрация ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази томонидан “Наркотикларнинг ноқонуний тарқалишига қарши кураш” мавзусида матбуот сафари ташкил этилди.

“Навоий” чегара божхона пости

Мазкур постда йил бошидан буён 5 та ҳолатда 18,4 кг гиёҳвандлик воситалари ҳамда 2 та ҳолатда 201 грамм психотроп моддалар аниқланган.

2025 йил 6 август кунги мисолда, Қозоғистондан келган фуқаро Ф.А. бошқарувидаги “Honda Elysion” русумли автоуловда махсус тайёрланган ошхона столи ичига яширилган 7,9 кг “алфаметадол” синтетик гиёҳвандлик воситаси топилган.

Шунингдек, 10 сентябр куни фуқаро А.Э. бошқарувидаги “Gentra” русумли енгил автомобили аккумулятори ичига жойлаштирилган 683 грамм “мефедрон” синтетик воситаси аниқланган.

“Электрон тижорат” ТИФ божхона пости

Почта орқали контрабанда қилишга уриниш ҳолатлари ҳам кузатилмодқа. Жорий йилнинг 9 ойи давомида 20 та почта жўнатмаси орқали 18 кг гиёҳвандлик моддаларини қабул қилган 3 та жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинган. Тадбирлар давомида 2 та яширин лаборатория фош этилган.

Масалан, 2025 йил 28 июл куни Россия фуқароси номига юборилган юмшоқ мебел ичида 994 грамм “мефедрон” топилган.

Марказий божхона лабораторияси

9 ойида суд экспертиза йўналишида гиёҳвандлик, психотроп ва кучли таъсир қилувчи модда деб шубҳа қилинган 485 та мурожаат асосида 452 214 та объектлар бўйича экспертизалар ўтказилган.

Натижада 15 682 та объект бўйича 73,3 кг гиёҳвандлик воситалари; 142 604 та объект бўйича 288,1 грамм психотроп моддалар; 272 571 та объект бўйича 706,1 кг кучли таъсир қилувчи моддалар аниқланган.

Миллий кинология маркази

Кинологик хизматлар ҳам гиёҳвандликка қарши курашда муҳим рол ўйнамоқда. Жорий йилнинг 9 ойида Миллий кинология марказида махсус тайёрланган хизмат итлари ёрдамида 244 та ҳолатда 1 тонна 179 кг табиий гиёҳвандлик воситалари, 14 та ҳолатда 42,6 кг синтетик моддалар, 70 та ҳолатда 43,6 кг психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар аниқланди.

Шу билан бирга, 197 нафар кинологлар “Бошланғич тайёргарлик”, “Қайта тайёрлаш” ва “Малака ошириш” ўқув курсларида билим ва малакасини оширишди. Улар “Гиёҳвандлик воситаларини қидириш” ҳамда “Синтетик гиёҳвандлик воситаларини қидириш” йўналишларида тайёргарлик кўришди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid