Пойтахт аэропортида хориждан олиб кирилаётган телефонларни божхона расмийлаштируви вақтинча тўхтатилди
Сўнгги вақтларда телефонларни божхонадан олиб ўтишда IMEI кодларини сохталаштириш, бошқа қурилмалар идентификаторларидан фойдаланиш ва бир телефон маълумотлари орқали бошқа қурилмаларни қонунийлаштириш каби ҳолатлар кўпайган.

Божхона қўмитаси Тошкент халқаро аэропортида хориждан келаётган йўловчиларнинг мобил телефонлари 30 кунгача экспертиза учун олиб қўйилаётгани ва тезлаштирилган расмийлаштирув учун қўшимча тўлов жорий этилгани ҳақидаги хабарларга муносабат билдирди.
Қўмита маълумотига кўра, сўнгги вақтларда телефонларни божхонадан олиб ўтишда IMEI кодларини сохталаштириш, бошқа қурилмалар идентификаторларидан фойдаланиш ва бир телефон маълумотлари орқали бошқа қурилмаларни қонунийлаштириш каби қонунбузилиш ҳолатлари кўпайган.
Қайд этилишича, жорий йил бошидан буён "Тошкент-АЭРО" ихтисослаштирилган божхона комплекси томонидан 185 та ҳолатда қиймати 8,8 млрд сўмлик 1185 дона мобил телефоннинг ноқонуний олиб кирилишига чек қўйилган.
Шу муносабат билан ҳозир Тошкент халқаро аэропорти орқали олиб кирилаётган мобил қурилмаларнинг божхона расмийлаштируви IMEI идентификаторларини аниқлаш ва уларнинг қонуний олиб кирилганини тасдиқлаш билан боғлиқ масалалар ҳал этилгунига қадар вақтинча тўхтатилган.
Божхона қўмитаси тегишли идоралар билан ҳамкорликда телефонларни текшириш ва расмийлаштириш тартибларини ойдинлаштириш бўйича чоралар кўрилаётганини маълум қилди.
Вазиятга қисқа муддатларда ойдинлик киритилиши ва божхона расмийлаштируви давом эттирилиши кутилмоқда.





