Мактаб директори ва ўринбосарлари фаолият самарадорлигига қараб рағбатлантирилади
Уларга фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) натижасига кўра ҳар ойлик устамалар тўланади, тизим 100 баллик кўрсаткич асосида баҳоланади.

Мактаб директори ва унинг ўринбосарлари фаолият самарадорлиги моддий рағбатлантирилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 21 октябрдаги тегишли қарори қабул қилинди. Ҳужжат билан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Унга кўра:
- умумтаълим муассасасининг директори ва унинг ўринбосарларига фаолият самарадорлиги кўрсаткичлари (KPI) натижасига кўра ҳар ойлик устамалар тўланади;
- умумтаълим муассасаларининг директори ва унинг ўринбосарлари фаолиятининг самарадорлиги умумтаълим муассасасининг қуйидаги белгиланган кўрсаткичларига мувофиқ 100 баллик тизимда баҳоланади:
- академик натижалар;
- ноакадемик натижалар;
- тарбиявий ишлар самарадорлиги;
- молиявий фаолият самарадорлиги;
- малакали ўқитувчилар билан таъминланганлик даражаси;
-кўрсаткичлар бўйича баҳолаш методикаси ва тартиби Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан тасдиқланади.
- Директорлар кенгашларида фаолият юритаётган умумтаълим муассасаси директорларига базавий тариф ставкаларига нисбатан 20 фоиз ҳар ойлик устамалар тўланади.
Шунингдек, қарор асосида:
- ўз фаолиятида ижобий натижа кўрсатган жисмоний тарбия фани ўқитувчилари базавий тариф ставкаларига нисбатан 20 фоизгача рағбатлантирилади;
- умумтаълим муассасаларида ташкил этилган “Заковат” интеллектуал клубларининг координатори бўлган ўқитувчиларга уларнинг таъриф ставкасининг 50 фоизи миқдорида бир марталик тўлов тўланади.