platina.uz

Таълим ва тарбия: аввал ким қандай вазифада эканини аниқлаб олайлик

Мактаб билим масканими ёки тарбия? Ўқитувчи 45 дақиқа давомида мавзуни тушунтириши керакми ёки одоб-ахлоқ қоидалариними?

Мақола
5 март, 13:46
Таълим ва тарбия: аввал ким қандай вазифада эканини аниқлаб олайлик

Бугун ўрта таълим мактабларидаги ҳолат, ўқувчиларнинг дарсга, айниқса устозга муносабати бутун жамиятни ташвишга солаётгани сир эмас. Хўш, ўқувчиларнинг ўқитувчига ва дарсга бўлган салбий муносабати, писандсизлигининг асосий сабаби нима?

Тарбия бериш мактаб зиммасидами ёки маҳалла раисига юклатилганми?

Тарбия ҳар доим инсон обрўсини белгилаб берувчи унсурдир. Ўзбек миллатида одатда тарбия оиладан, ота-она, бува-бувидан ўрганилган. Минг афсуслар бўлсинки, ёшларимиз бугун тарбияни оиладан эмас, ижтимоий тармоқдан олишаётгани барчага аён. Аммо жамият ўқитувчини ёки бутун бошли мактабни бунга айбдор қилиб кўрсатмоқда. Сизнингча, мактаб билим масканими ёки тарбия? Ўқитувчи 45 дақиқа давомида мавзуни тушунтириши керакми ёки одоб-ахлоқ қоидалариними?

Юқоридаги саволларга жавоблар турлича. Лекин бир нарса аниқ, олий ўқув юртларида таълим олаётган бўлажак ўқитувчилар ўқувчиларга билим бериш учун тайёрланишяпти, тарбия бериш учун эмас.

Мактаб болага бошланғич синфданоқ вазифа беради. Бундай вазифанинг берилиши эса боланинг ота-онаси билан ҳам дарс қилиши, унинг ақлий ривожланиши ва қизиқишларини пайқашлари билан алоқадордир. Аммо ХХI асрнинг замонавий ота-оналари кўп ҳолатларда ўз фарзандлари билан шуғулланишга вақт топа олишмайди. Чунки, уларнинг яна бир бошқа “болалари” (телефон) бор. Бола онасига савол берганда одатда она “отангдан ҳам сўра?” ёки “устозинг ўргатмаяптими?” қабилида муносабат билдиради. Бундан кейин табиий равишда боланинг устозига бўлган ҳурмати пасаяди ва вазифаларини бажармай қўяди.

Аввало, бир нарсага аниқлик киритиш зарур. Болани тўғри тарбиялаш ота-онанинг, бобо-бувининг вазифаси, мактаб ёки маҳалла раисининг эмас. Ўқитувчилар фаолиятидаги бюрократия кучайиб бораётган бир пайтда, бола тарбиясини унинг зиммасига юклаб қўйиш адолатсизлик. Маҳалла раисининг ҳам ўз вазифаси ва юклатилган топшириқлари бор. Аммо, минг афсуски, бугун тарбия бериши лозим деб фикр юритаётган ота-оналаримизнинг ўзи ҳали бола. Статистика агентлиги маълумотларига асосланадиган бўлсак, 2021 йилда жами ёшга тўлмаган 96 501 нафар ёш турмуш қурган. Бундан 93 255 нафари аёл, 3246 нафари эркак.

2022 йилга келиб, агентлик бу кўрсаткични иккига бўлиб кўрсатди. Гўёки сонлар камайиб қолгандек. Берилган маълумотларга кўра, 2022 йил январ ойининг ўзида 6025 нафар (5844 нафар аёл, 181 нафар эркак) 20 ёшга тўлиб улгурмаган ёшлар турмуш қурган. 2022 йилнинг 1 май ҳолатига (5 ойлик) келиб эса 20 678 нафар (19 976 нафар аёл, 702 нафар эркак) оила қурган.

Бундан келиб чиқадики, ҳали ўзи 20 ёшга тўлиб улгурмай, ҳаётнинг пасту баландига тушуниб етмай, рўзғор ғорига ёлғиз қолдирилаётган қизлару эрта оила, фарзанд ғами елкасига юкланган йигитлар ўз фарзандларига қай даражада тарбия бера олишяпти экан? Ёки улар бунга вақт ажратишяптимикан?

Европа ва Америка мамлакатларида мактабга тарбия маскани сифатида қаралмайди. Мактаб болаларга уларнинг келажакдаги ҳаракатлари қандай оқибатларга олиб келиши мумкинлигини тушунтиради холос. Болалар тарбияни уйларида ота-оналаридан олишади. Зеро, “Қуш инида кўрганини қилади”, деган ҳикмат бежизга эмас.

Мактаб нимадир беряптими ёхуд педагогик маҳорат қай даражада?

Мактаб ва устоз тушунчаси азалдан ҳурматланиб, ардоқланиб келинган. Аммо айрим ўқитувчилар фаолияти ва хатти-ҳаракатлари бугун мактабнинг ҳам, устоздай улуғ зотнинг ҳам номига доғ тушириб улгурди. Мавзуни ёритиш асносида замонавий ёшларнинг ўқитувчиларга бўлган муносабатини ўрганиш ва тўғри таҳлил қила олиш мақсадида, анча манбалар ўрганилди. Мактаб ўқувчилар томонидан ўз устози ҳақида ёзилаётган айрим постлар, ҳикоя ёки улар ҳақидаги гаплар кишини чиндан ҳайратга солади. Бу борада жуда кўп мактаб ўқувчилари билан мулоқотда бўлдик ва бизни ҳайратлантирган воқеа қуйидагича эди.

Мен А.С. (номи ва мактаби сир қолдирилишини истаган қаҳрамонимизнинг исм-шарифининг бош ҳарфлари келтирилади) Тошкент шаҳрида жойлашган мактабда 8-синф ўқувчисиман. Биз синфимиз билан синф раҳбаримизни жуда ҳурмат қилардик. Улар учун “Ўқитувчилар куни” муносабати билан совға олдик. Совға нима эканини аниқ айтиб ўтирмайман, унчалик катта нарса эмас. Чунки, нима бўлган тақдирда ҳам синфда турли оила фарзандлари ўқийди ва уларнинг оилавий шароити турлича. Устозимизнинг хурсанд бўлишларини ўйлаб ҳаммамиз ҳаяжонда эдик.

Аммо, устоз синфга кириши билан жимиб, негадир ўйланиб қолди. Бироз турди. Кейин

Ҳамма жойига ўтирсин! Бу нима бўлди, кўрдиларингми, нариги синф устозига нима олиб берганини? Мен бундан ортиғига арзирдим, ҳаммаларингга меҳнатим сингган. Билмайсанлар. Телевизор оберишади, катта синф десам олиб келганларингга қараларинг нима бу

Бутун синф сув қуйгандек жимиб кетди. Ҳамманинг нафаси ичига тушди. Ҳеч биримиз буни устоздан кутмагандик. Бошида бу гапларни ҳазил бўлса керак деб ўйладик. Лекин устоз жуда асабий эди. Совғани олмади. Пулни мен йиққандим. Устоз чиқиб кетгач, бутун синф жовдирагандек менга қаради. Мен елка қисиб қўйдим. Совғани уйга олиб келдим, сотиб болаларга пулни бўлиб бериш керак эди. Воқеани эшитган онам ҳайратдан ёқа ушлади, отам дарғазаб бўлди. Эртасига устоз айтган ўша нариги синф совғаси билан қизиқдим, тилла экан. Ярқираб турибди. Шундан кейин, устоз билан орамиз бузилди.

(Юқоридаги воқеа сўзма-сўз ёзиб олинди, тузатиш ва қўшимчалар киритилмади, ўқувчини исм-шарифи маълум қилинмайди. Бу барча ўқитувчиларга нисбатан эмас.)

Юқори синфга кўчаётганда эса ўқитувчига тилла олиб бериш урфга кириб улгургани чиндан аянчли ҳолат.

Албатта, бир киши билан барчага баҳо бериб бўлмайди. Аммо гуручдан чиққан битта курмак ҳам унинг сифатини бузади. Биз фақат битта ҳикояни мисол келтирдик. Аслида бу каби 10 лаб воқеалар билан танишдик. Ўқувчилар кўзидаги умиднинг сўниб бораётганини кўрдик.

Бу билан айтмоқчи бўлган нарсамиз шуки, “Қарс икки қўлдан чиқади”. Танганинг бошқа томонини ҳам ўрганиб кўриш керак ва шундан кейингина хулоса чиқариш лозим.

Бугун ўқитувчилар олий ўқув юртларида қандай тайёрланмоқда? Уларга бола психологияси ва педогогик маҳорат қай даражада сингдирилмоқда?

Биздаги маълумотларга кўра, педогогика ва бола психологияси университет дарсларининг 1%ини ҳам ташкил этмайди. Ўзбек филологияси факултетида педогогика ва психология умумий битта фан сифатида атиги 30 пара, яъни 15 соат маъруза, 15 соат семинар. Бу бир семестр ва ҳафтасига 2 пара(4 соат)дан деганидир. Хорижий филологияда эса 1 семестр давомида юқоридаги тартибда психология фани дарс-машғулотлари олиб борилади.

Бола психологияси-чи? Ушбу фан айрим таълим даргоҳларида танлов асосида танланувчи фан, айримларида эса умуман мавжуд эмас. Хўш, болалар психологиясини ўзлаштирмаган ва педогогик маҳорати ҳам устига-устак яхши шаклланиб улгурмаган ёш ўқитувчилар қандай дарс ўтишяпти экан? Улар бугунги ўқувчилар эътиборини қандай жалб қилишяпти? Қўлларини кўтаришяптими ёки овозлариними?

Кундан-кунга ривожланиб бораётган дунёда яшаётган эканмиз, ўқувчининг оғир табиатли эканини пешлашдан аввал, ўқитувчиларга замонавий бола психологиясини ҳам ўргатиш пайти келгандир.

Мафтуна Ёдгорова

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+