platina.uz
Жамият

Тошкентдаги янги аэропортни қайси компаниялар қуриши маълум бўлди

Лойиҳа Саудия Арабистонининг “Vision Invest”, Япониянинг “Sojitz” ва Кореянинг “Inhceon” компаниялари иштирокидаги халқаро консорциум билан ҳамкорликда 4 босқичда амалга оширилади. 

Тошкентдаги янги аэропортни қайси компаниялар қуриши маълум бўлди

Янги аэропортни халқаро консорциум қуради.

Ўрта Чирчиқ ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги 1 минг 300 гектар майдонда барпо этиладиган янги халқаро аэропорт лойиҳаси Саудия Арабистонининг “Vision Invest”, Япониянинг “Sojitz” ва Кореянинг “Inhceon” компаниялари иштирокидаги халқаро консорциум билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Консорциум таркиби: Саудия Арабистонининг “Vision Invest” компанияси — 45%, Япониянинг “Sojitz Corporation” — 30%, Жанубий Кореянинг “Incheon International Airport Corporation” — 15% ҳамда Ўзбекистоннинг “Uzbekistan Airports” — 10% улушга эга бўлади.

Лойиҳа 4 босқичда амалга оширилиб, биринчи босқичда 2,6 млрд доллар инвестиция йўналтирилади. Шундан 1,8 млрд доллар аэровокзал қурилишига, 800 млн доллар эса аэродром инфратузилмасини яратишга сарфланиши кўзда тутилган.

Аэропорт лойиҳаси Naco Consulting компанияси томонидан ишлаб чиқилган.

Янги аэропорт Тошкент – Самарқанд, Тошкент – Андижон, Тошкент – Бўстонлиқ пуллик автомобил йўлларига уланади. Бу ерда замонавий темир йўл станцияси қурилиб, тезюрар поезд қатнови йўлга қўйилади. Пойтахт ва Янги Тошкент марказлари шаттл транспорт хизматлари орқали боғланади.

Яна бир муҳим жиҳати, бу лойиҳа “яшил” стандарт тамойилларига жавоб берадиган минтақадаги биринчи аэропорт бўлади. Терминалларда 46 минг квадрат метрлик “Duty free” зонаси ташкил этилади.

Бу лойиҳа мамлакатимизга 27 миллиард доллардан ортиқ даромад келтириши кутиляпти. 15 октябр куни президент Шавкат Мирзиёев янги Тошкент халқаро аэропорти пойдеворига капсула қўйиб, қурилишини бошлаб берди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 70 119 55 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid