Навоий халқаро аэропорти Евросиёдаги энг йирик мултимодал юк ташиш марказига айланади
«Harvest Epoch Strategik Investment Limited» компанияси билан Навоий халқаро аэропорти ўртасида стратегик альянс тўғрисидаги доиравий битим имзоланган. 16 октябрь куни эса, мазкур келишувларни амалиётга татбиқ этиш босқичига ўтилиб, йўл харитаси келишиб олинди.

Навоий халқаро аэропортини бутун Евросиёдаги энг йирик мултимодал юк ташиш марказига айлантириш учун навбатдаги қадамлар ташланди.
2026 йил 9 сентябрь куни «Harvest Epoch Strategik Investment Limited» компанияси билан Навоий халқаро аэропорти ўртасида стратегик альянс тўғрисидаги доиравий битим имзоланган.
16 октябрь куни эса, мазкур келишувларни амалиётга татбиқ этиш босқичига ўтилиб, йўл харитаси келишиб олинди.

Жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида келишувнинг ҳамкорликни йўлга қўйиш ишлари бошланади. Ҳамкорлар техник-иқтисодий асослантириш ҳужжатининг янгиланган таҳририни тақдим этади, Навоий халқаро аэропорти эса ўз навбатида тижорий шартлар, инфратузилма, тарифлар ва хизмат кўрсатишга оид маълумотларни тақдим қилади. Ноябрь ойининг ўрталарига қадар халқаро мижозлар учун рақобатбардош тариф таклифларини ишлаб чиқади.
Маълумотларга кўра, 2026 йил декабрь ойида дастлабки синов юк рейсларини амалга ошириш режалаштирилган. Хусусан, 15 декабрдан бошлаб ҳамкор мижозларининг дастлабки синов юк рейсларини йўлга қўйиш кўзда тутилган. Бунинг учун аэропорт ер усти хизматлари, самолётларга ёнилғи қўйиш, омбор мажмуалари фаолияти ва божхона расмийлаштируви жараёнларининг тўлиқ тайёрлигини таъминлайди. Барча хизматлар энг юқори халқаро стандартларга мувофиқ ташкил этилади. Бундан ташқари, ёнғинга қарши тизимлар Халқаро фуқаро авиацияси ташкилотининг (ICAO) 9-тоифали талабларига мувофиқлаштирилмоқда.
«Harvest Epoch Strategik» компанияси бошқарув кенгаши раҳбари Чан Хунг Тога кўра, Хитой ва Навоий халқаро аэропорти ўртасидаги мазкур ҳамкорлик Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу ҳамкорлик иқтисодий тараққиётда ҳал қилувчи ўрин тутади.

«Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар жуда яхши. Биз бир-биримизга қардош давлатлармиз. Шу боис, биз ушбу икки мамлакат ўртасида кўприк бўлишни чин дилдан истаймиз. Бу орқали иқтисодиёт ва савдо-сотиқ жуда тез суръатларда ривожланишига ишонамиз. Барчамизга маълумки, Ўзбекистон океанларга тўғридан-тўғри чиқиш имкониятига эга эмас. Шу сабабли, биз Хитой ва Навоий халқаро аэропорти ўртасидаги ҳамкорлик Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётини ривожлантиришда ниҳоятда муҳим аҳамият касб этишига чин дилдан ишонамиз. Ушбу ҳамкорлик мамлакат иқтисодий тараққиётида ҳал қилувчи ўрин тутади. Бугун биз Навоий халқаро аэропорти ўртасида йўл харитасини имзоладик. Кейинги босқичда эса икки томонлама ҳамкорликнинг кенг қамровли йўналишини ўз ичига олган тижорий ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолашни режалаштирмоқдамиз. Ишонамизки, Навоий халқаро аэропорти орқали амалга ошириладиган авиақатновлар сони ортади ҳамда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни дунё бозорларига етказиб бериш имкониятлари кенгаяди. Шунингдек, Навоий халқаро аэропорти Марказий Осиё мамлакатлари марказида жойлашган муҳим логистика нуқтаси сифатида Хитой ва Европа ўртасидаги алоқаларни ривожлантиришда ҳам катта аҳамият касб этади», — деди у.

Навоий халқаро аэропорти директори Алишер Қиличевнинг айтишича, мазкур ҳамкорлик доирасида ноябрь ойида якуний битим имзоланади ва ольти ойлик пилот лойиҳани бошлаш режалаштирилмоқда.
«Harvest Epoch компанияси бизнинг тижорий агентимиз сифатида фаолият юритади. Унинг асосий вазифалари авиакомпанияларни ҳамкорликка жалб этиш, электрон тижорат юклари оқимини ошириш ҳамда логистика компанияларини жалб қилишдан иборат бўлади. Бу эса Навоий халқаро аэропортининг салоҳиятини янада оширишга хизмат қилади», — дейди у.
Хитой ва Навоий халқаро аэропорти ўртасидаги лойиҳанинг асосий стратегик мақсади — 2030 йилга бориб, аэропорт орқали йилига 45 минг тонна юк ташиш ҳажмига эришиш эканлиги ҳамкорлар томонидан таъкидланди.
«Навоий халқаро аэропорти ўзининг ноёб географик жойлашуви, инфратузилмаси ва давлат томонидан кўрсатилаётган кўмак туфайли катта салоҳиятга эга. Ишончимиз комилки, мазкур Йўл харитасининг амалга оширилиши аэропортимизнинг дунёдаги йирик логистика марказлари қаторидан муносиб ўрин эгаллашига хизмат қилади», дейди хитойлик ҳамкорлар.





