platina.uz
Жамият

Ўзбекистон биринчи мудофаа вазири Рустам Аҳмедов вафот этди

Марҳум 1997 йил сентябр ойидан 1998 йил сентябр ойигача Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида ҳам фаолият юритган. 

Ўзбекистон биринчи мудофаа вазири Рустам Аҳмедов вафот этди

Ўзбекистон биринчи мудофаа вазири генерал-полковник Рустам Аҳмедов вафот этди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги хабар берди.

Рустам Аҳмедов ўзининг 40 йилдан ошиқ умрини Қуролли Кучларга бағишлаган.

Генерал-полковник 1943 йил 10 ноябрда Фарғона вилоятининг Боғдод туманида таваллуд топган.

1965 йилда Тошкент олий танк қўмондонлик билим юртини “танк қўшинлари тактик қўмондонлиги” мутахассислиги бўйича, 1985 йилда эса Зирҳли танк қўшинлари ҳарбий академиясини “қўмондон-штаб оператив-тактик” мутахассислиги бўйича тамомлаган.

1966 йилдан 1972 йилгача қадар Болтиқбўйи қўшинлари ҳарбий округи 11-армия танк полки танк взводи командири лавозимидан Шимолий қўшинлар танкчилар дивизияси танкчилар батальони командирининг сиёсий бўлим бўйича ўринбосари лавозимларида хизмат қилган.

1972 йилдан 1986 йилгача Тошкент олий танк қўмондонлик, Самарқанд олий ҳарбий автомобил қўмондонлик-муҳандислик билим юртларида курсантлар батальонида командирнинг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари ҳамда батальон командири лавозимларида хизмат ўтаган.

1986 йилдан 1991 йилгача Тошкент вилояти фуқаролик мудофааси командирининг ўринбосари – штаб бошлиғи лавозимида хизмат қилган.

1991 йилдан 1992 йилгача бир вақтнинг ўзида мустақил Ўзбекистон Мудофаа ишлари бўйича вазири – Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардия қўмондони лавозимида, 1992 йилдан 1997 йилгача эса Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири лавозимида фаолият юритган.

Рустам Аҳмедов мустақил Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири сифатида тарихдан жой олди.

Марҳум нафақат мудофаа тизимида, балки 1997 йил сентябр ойидан 1998 йил сентябр ойигача Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимида фаолият юритган.

1998 йилда нафақага чиққан.

Шунингдек, 2018 йилдан 2020 йилгача Мудофаа вазирининг маслаҳатчиси лавозимида мудофаа тизимининг муҳим йўналишларини қайта ислоҳ қилишда фаол иштирок этган.

Кўп йиллик фидойи хизматлари учун Собиқ иттифоқ ва Ўзбекистон Республикасининг бир қатор орден ва медаллари билан тақдирланган.

1993 йилда Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғи ва 1995 йилда II даражали “Шон-шараф” ордени билан мукофотланган.

Миллий армиясини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси учун 2018 йилда “Дўстлик”ордени билан тақдирланган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 70 119 55 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid