platina.uz
Сиёсат

Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё – Россия” саммитида янги ташаббусларни илгари сурди

Тошкентда ўтказиладиган “Иннопром. Марказий Осиё” кўргазмали форумига минтақанинг асосий саноат ва инновация майдони мақомини бериш таклиф этилди. 

Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё – Россия” саммитида янги ташаббусларни илгари сурди

Президент Шавкат Мирзиёев “Марказий Осиё – Россия” форматидаги иккинчи саммитда қатнашди.

Президент стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий барқарорликни биргаликда таъминлашга қаратилган кўплаб ташаббусларни илгари сурди.

Хусусан:

– биргаликда қабул қилинган қарор ва лойиҳалар ижросини тезлаштириш учун ҳукумат раҳбарлари ўринбосарлари даражасида Мувофиқлаштирувчи кенгаш таъсис этишни таклиф қилди;

– товар айрбошлашни кўпайтириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш жараёнларини енгиллаштириш мақсадида “Марказий Осиё – Россия агроэкспресси” лойиҳасини ишга туширишни таклиф қилди;

– автомобил, темир йўл ва авиация алоқалари соҳасида миллий дастурларни уйғунлантириш учун мамлакатларимиз Транспорт-логистика контурини ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди;

– Бухоро шаҳрида илғор муҳандислик ечимларини ишлаб чиқиш ва жорий этишга қаратилган “Марказий Осиё – Россия" саноат инжиниринг хабини ташкил этишни таклиф этди;

– Тошкентда ўтказиладиган “Иннопром. Марказий Осиё” кўргазмали форумига минтақанинг асосий саноат ва инновация майдони мақомини бериш таклифи билан чиқди;

– атом энергетикаси йўналишида Минтақавий компетенциялар марказини Ўзбекистонда ташкил этиш, шунингдек, Москва давлат муҳандислик-физика институтининг Тошкент филиали негизида Кадрлар тайёрлаш дастурини қабул қилиш ташаббусини билдирди;

– “Марказий Осиё ва Россия энергетик шериклиги” комплекс дастурини ишлаб чиқиш, шунингдек, углеводородларни қидириш ва қайта ишлаш, энергия тежовчи ва “яшил” технологияларни жорий этиш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ташаббусини илгари сурди;

– Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар бўйича Минтақавий эксперт кенгашини ташкил этиш, шунингдек, мамлакатларда “Сколково” инновация маркази филиалларини очишни таклиф этди;

– “Келажак муҳандислари” консорциумини тузиб, Марказий Осиё ва Россиянинг етакчи олийгоҳлари ва илмий марказлари салоҳиятини бирлаштириш ҳамда ёш тадқиқотчилар ва олимлар учун Махсус грантлар дастурини таъсис этиш ғоясини илгари сурди;

– ҳар йили ўтказиладиган Марказий Осиё ва Россия халқлари маданияти, санъати ва ижодиёти фестивали — Этномаданият форумини ташкил этиш таклифини билдирди;

– терроризм, экстремизм, кибертаҳдидлар ва одам савдосига қарши курашиш бўйича биргаликда чоралар кўриш муҳимлигини қайд этди ҳамда Афғонистон бўйича юқори даражадаги маслаҳатлашувлар ўтказишни таклиф қилди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 70 119 55 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid