platina.uz
Жамият

Мубашшир Аҳмад 2,5 йилга озодликдан маҳрум этилди

Интернетда унга тегишли саҳифалар (каналлар) фаолияти тўхтатилиб, блокланиши белгиланди. 

Мубашшир Аҳмад 2,5 йилга озодликдан маҳрум этилди

Диний уламо Мубашшир Аҳмадга нисбатан ҳукм эълон қилинди. Бу ҳақда Олий суд хабар берди.

Бугун жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судида А. Турсунов (1974 йилда Наманган вилоятида туғилган, муқаддам судланмаган)га оид жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунлади.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра А. Т. Жиноят кодексининг 156-моддаси (миллий, ирқий, этник ёки диний адоват қўзғатиш) 2-қисми, 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” банди ва 244-3-моддаси (диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, сақлаш, олиб кириш ёки тарқатиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

А. Т.га Жиноят кодексининг 57-моддасини (енгилроқ жазо тайинлаш) қўллаган ҳолда 59 (бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) ва 61 (жазоларни қўшишнинг ҳисоблаш қоидалари) моддалари тартибида 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.

Шу билан бирга Интернет тармоғидаги Facebook, Instagram ижтимоий тармоқлари, Telegram мессенжери ҳамда YouTube видеохостингидаги Mubaşşir Ahmad ва Azon Global – Муқобил ахборот-таҳлилий канали номли саҳифалар (каналлар) фаолияти тўхтатилиб, блокланиши белгиланди.

Жиноят ишлари бўйича Учтепа туман судининг ушбу ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади.

Эслатиб ўтамиз, Мубашшир Аҳмад жорий йил ммай ойида Туркияда ушланиб, Ўзбекистонга келтирилганди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 70 119 55 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid