Заҳарланган болалар иши: Бош прокуратура тергов ҳаракатлари ҳақида маълумот берди
Жиноят иши назоратга олиниб, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев раҳбарлигида махсус ишчи гуруҳ тузилган.

Тошкент вилоятида болалар заҳарланиши бўйича тергов ҳаракатлари бошланди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Жорий йилнинг 24 сентябр куни Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Бекобод, Қуйичирчиқ ва Оққўрғон туманларида мактабгача таълим муассасалари тарбияланувчиларининг заҳарланиш ҳолатлари аниқланганди.
Ушбу ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан бир нечта аутсорсинг хизматини кўрсатувчи хусусий корхоналар масъул шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов иши синчковлик билан, тўла ва сифатли ўтказилишини таъминлаш мақсадида жиноят иши Бош прокуратура томонидан назоратга олинди. Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев раҳбарлигида махсус ишчи гуруҳ тузилди.
Тергов давомида ушбу аутсорсинг корхоналар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган барча мактабгача таълим муассасаларидаги тарбияланувчилар тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилиши, ташхис-даволаш ишлари ташкил этилди.
Ҳозирда, тиббий ёрдам кўрсатилган болалар орасида оғир ва ўта оғир даражада касалланганлар мавжуд эмас, вазият шифокорларнинг тўлиқ назоратида, дейилади хабарда.
Шунингдек, юқоридаги каби ҳолатлар такрорланишини олдини олиш мақсадида прокуратура органлари томонидан барча давлат мактабгача таълим муассасаларига аутсорсинг шартномаси асосида озиқ-овқат маҳсулотлари етказилиб берилиши аҳволи юзасидан ўрганиш ишлари ташкил этилди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда, унинг якуни бўйича оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликка қўшимча ахборот тақдим этилади.
Аввалроқ Санэпидқўмита раиси ўринбосари Нурмат Отабеков ҳам ҳолат юзасидан маълумот берганди.