platina.uz
Жаҳон

АҚШ пойтахтида қотиллик учун ўлим жазоси жорий этилди

Вашингтонда бу чора аввалроқ мавжуд эди, аммо 1981 йилда шаҳар кенгаши уни бекор қилганди. Трамп маъмурияти ҳудудда қотиллик даражаси юқори эканини айтиб келади. 

АҚШ пойтахтида қотиллик учун ўлим жазоси жорий этилди

АҚШ президенти Доналд Трамп Вашингтонда қотилликда айбланганлар учун ўлим жазосини жорий этиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Бу ҳақда Оқ уй матбуот хизмати хабар берди. Шаҳарда бу чора аввалроқ мавжуд эди, аммо 1981 йилда Вашингтон шаҳар кенгаши уни бутунлай бекор қилганди.

Америка раҳбарининг фикрича, бу қарор пойтахтнинг алоҳида мақоми билан боғлиқ. Оқ уйнинг таъкидлашича, Колумбия округининг сўнгги йилларда олиб бораётган юмшоқ сиёсати жиноятчиликнинг кўпайишига олиб келди ва бу аҳоли, ташриф буюрувчилар ва федерал идораларга хавф туғдирди.

Баёнотда айтилишича, Вашингтон мамлакатдаги энг хавфли шаҳарлардан бири бўлиб, 2024 йилда қотиллик даражаси ҳар 100 минг аҳолига 27,3 ни ташкил қилади. Бу мамлакатдаги қотиллик даражаси бўйича тўртинчи ўринда туради - Ню-Йоркдагидан деярли олти баравар юқори.

“Биз ўйин ўйнамаяпмиз”, деди Трамп ва Миллий гвардия қўшинлари юборилганидан сўнг, сўнгги тўрт ҳафта ичида Вашингтонда бирорта ҳам қотиллик қайд этилмаганини таъкидлади.

"Вашингтонда одамларни ўлдирганлар ўлим жазосига дучор бўлишади", деди у ва буйруқ дарҳол кучга киришини қўшимча қилди.

Бош прокурор Пэм Бонди АҚШ маъмурияти ўлим жазосини бутун мамлакат бўйлаб кенгайтиришга интилаётганини айтди.

Бир неча ҳафта аввал АҚШда Трампнинг машҳур тарафдорларидан бири Чарли Кирк отиб ўлдирилганди.

Кирк мактаблар, коллежлар ва университетларда консерватив қадриятларни тарғиб қилувчи ҳаракатга асос солганди. Трамп бу воқеадан кейин мамлакатда байроқларни ярим туширишни буюрди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid