56,7 баллдан кам тўплаганлар давлат ОТМларида ўқий олмайди
Аввал бундай абитуриентлар маблағ тўлаб ўқиши мумкин эди. Вазирлар Маҳкамаси қарори билан ушбу тартиб бекор қилинди.

Энди 56,7 баллдан кам тўплаганлар давлат ОТМларида ўқий олмайди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг 578-сонли қарорида айтилади.
Қарор 2025 йил 13 сентябр куни эълон қилинган.
2017 йилда Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган минимал баллдан (ҳозирда 56,7 балл) кам балл тўплаган абитуриентларга биринчи ўқув йилига амалдаги оширилган тўлов-контрактнинг таълим йўналиши бўйича белгиланган энг юқори миқдорининг 2 баробарига тенг тўловни амалга ошириш шарти билан ўқишга кириш ҳуқуқи берилганди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 393-сонли қарорида белгилаб қўйилганди.
Яъни имтиҳонда 56,7 баллдан кам тўплаган абитуриентлар ҳам пулини тўлаб ўқиши мумкин эди.
Халқ тилида бу “супер-мупер” контракт, деб ҳам аталган.
Вазирлар Маҳкамасининг 578-сонли қарори билан ушбу тартиб бекор қилинди.
"Кириш имтиҳонлари (тест синовлари, касбий (ижодий) имтиҳон)да тўплаган баллари Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган минимал баллдан кам бўлмаган, белгиланган қабул параметрлари доирасида ҳамда қўшимча қабул асосида қабул қилинмаган ва ўқиш истагини билдирган абитуриентларга биринчи ўқув йилида амалда ўрнатилган тўлов-контракт миқдорига нисбатан Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган табақалаштирилган тўлов-контракт миқдорида тўловни амалга ошириш шарти билан ўқишга кириш ҳуқуқи берилади", дейилади қарорда.
Олий таълим ташкилотларига қўшимча ва табақалаштирилган тўлов-контракт асосида қабул қилинган талабалар биринчи ўқув йилини муваффақиятли тугатгандан сўнг кейинги ўқув йилидан бошлаб умумий белгиланган тартибда ўқишини давом эттиради.