Ким Чен Ин Шимолий Кореянинг "махфий қуроли" ҳақида эълон қилди
Унинг сўзлари Корея марказий ахборот агентлиги томонидан келтирилган. Сентябр ойи бошида эса КХДР углерод толаси билан мустаҳкамланган двигателни синовдан ўтказганди.

Шимолий Корея “махфий қурол”ни ишлаб чиқди ва янги эсминецлар қурди, шу тариқа "ўзини денгиздаги қудратини намоён этиш йўлида муҳим қадам ташлади".
Бу ҳақда мамлакат етакчиси Ким Чен Ин 14-Олий халқ ассамблеясининг сессиясидаги чиқишида маълум қилди.
Унинг сўзлари Корея марказий ахборот агентлиги томонидан келтирилган.
“Биз янги махфий қуролга эга бўлдик ва мудофаа илмида катта илмий ютуқларга эришдик, бу эса ҳарбий салоҳиятимизни янада ривожлантиришга сезиларли ҳисса қўшади”, — деди Ким Чен Ин.
Шимолий Корея етакчиси, шунингдек, янги эсминецларнинг қурилиши, бу “денгиз кучини барпо этиш йўлидаги биринчи муҳим қадам”, шунингдек, “стратегик кучларнинг тинимсиз мустаҳкамланиши” ва серияли қуролларнинг такомиллаштирилишини эслатиб ўтди.
Сентябр ойи бошида КХДР углерод толаси билан мустаҳкамланган материалдан фойдаланган ҳолда юқори қувватли ракета двигателини синовдан ўтказганди. Ким Чен Ин двигател синовини шахсан кузатди.
Двигател нозулининг синови тўққизинчиси бўлиб, ишлаб чиқиш жараёнида якуний синов бўлиши кутилмоқда.
Корея ахборот агентлиги сентябр ойи бошида Шимолий Корея қитъалараро баллистик ракеталарни ишлаб чиқаришда фойдаланиш учун юқори қувватли двигателни ишлаб чиқаётгани ҳақида хабар берганди.
Двигател синовлари натижалари билан танишиб чиққан Шимолий Корея раҳбари мутахассислар билан бундай маҳсулотларни серияли ишлаб чиқариш учун база яратиш масаласини муҳокама қилди. Август ойи охирида эса Ким Чен Ин ракета ишлаб чиқариш қувватини ошириш бўйича учта янги режани, шунингдек, тегишли мудофаа харажатлари режасини имзолади.
Август ойида ОАВ Шимолий Кореянинг Хитой чегарасидаги махфий базаси ҳақида ёзганди.
Унда АҚШ ва Шарқий Осиё учун потенциал хавф туғдирувчи узоқ масофали ракеталар жойлаштирилгани айтилганди.