Ким Чен Ин комага тушгани ҳақидаги хабарлар фонида кўриниш берди
Буюк Британиянинг The Sun газетаси бир кун олдин Шимолий Корея етакчиси инсултни бошдан кечиргани ва комага тушиб қолгани ҳақида хабар тарқатганди.

Шимолий Корея оммавий ахборот воситалари мамлакат етакчиси Ким Чен Иннинг соғлиғи ёмонлашгани ҳақидаги хабарлар фонида унинг сўнгги тадбирлардаги суратларини чоп этишди.
"Корея Меҳнат партияси бош котиби ва КХДР Давлат ишлари бўйича раиси, ҳурматли ўртоқ Ким Чен Ин 19 октябрь куни енгил саноатдаги кийим-кечак ва пойабзал кўргазмасига ташриф буюрди", деб хабар берди Корея ахборот агентлиги.
Агентлик Ким Чен Иннинг рафиқаси Ри Сол Чжу ва қизи Ким Чжу Э билан бирга намойиш этилган кийим-кечак ва пойабзалларни кўздан кечираётган суратларини чоп этди.
Суратларда у соғлом кўринади.
The Sun газетаси бир кун олдин Шимолий Корея етакчиси инсультни бошдан кечиргани ва комага тушиб қолгани ҳақида хабар берган эди. Баъзи оммавий ахборот воситалари агар Ким Чен Ин ногирон бўлиб қолса, унинг синглиси Ким Ё Чжон вақтинча ҳокимиятни эгаллаб олиши ва кейин Шимолий Корея етакчисининг 13 ёшли қизи Ким Чжу Эга топшириши ҳақида тахмин қилишмоқда.





