Ўзбекистон Евроосиё тараққиёт банкига аъзо бўлди
Банкнинг устав капиталидан мамлакатга 777 777 дона акция ажратилган. Акцияларга давлат бюджетидан 168,4 млн доллар ажратилади.

Ўзбекистон расман Евроосиё тараққиёт банкига (ОИТБ) аъзо бўлди. 16 сентябр куни президентнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Мазкур ҳужжат 2006 йил 12 январда Остона шаҳрида имзоланган ЕОТБни ташкил этиш тўғрисидаги битимга қўшилиш ҳақидаги қонунни амалга ошириш доирасида қабул қилинган.
Қарорга мувофиқ, Ўзбекистонга банкнинг устав капиталидан ҳар бири 1000 доллардан бўлган 777 777 дона акция тақсимланди. Улардан 168 411 таси (21,7 фоиз) тўланган, 609 366 таси (78,3 фоиз) эса талаб қилинганда тўланадиган акциялар ҳисобланади.

Тўланадиган акцияларга давлат бюджетидан 168,4 млн доллар ажратилади. Ушбу миқдордан 10 млн доллар 2025 йилнинг ўзида тўланади. 2026 ва 2027 йилларда 79 млн 205 минг 500 доллардан тўланади.
Маълумот учун, Евроосиё тараққиёт банки 2006 йилда Россия ва Қозоғистон томонидан ташкил этилган халқаро молия ташкилотидир. 2009 йилда Арманистон ва Тожикистон, 2010 йилда Беларус, 2011 йилда эса Қирғизистон унга қўшилган. Банк устав капитали 7 млрд долларни ташкил этади.
ЕТБнинг бош офиси Олмаота шаҳрида (Қозоғистон) жойлашган. Банкнинг Санкт-Петербургда филиали ва Остона, Бишкек, Душанбе, Ереван, Минск ва Москвада ваколатхоналари мавжуд.