Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида қатор қонунларга ўзгартириш киритилиши мумкин
Исломий молияда савдо ва шерикчилик орқали молиялаштириш кенг қўлланилади. Қонунчиликда эса бунга қатор тўсиқлар мавжуд.

Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
ЎзЛиДеП фракциясининг 15 сентябр кунги йиғилишида бу масала кўтарилди. Унда “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини жорий қилишга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, исломий молияда савдо ва шерикчилик орқали молиялаштириш кенг қўлланиладиган молиялаштириш шакллари ҳисобланиб, қонунчиликда тижорат банклари томонидан бундай шакллардан фойдаланилишига бир қатор тўсиқлар мавжуд.
Хусусан, исломий молиялаштиришда банклар савдо билан шуғулланиш орқали мижозни молиявий қўллаб-қувватласа, Ўзбекистонда тижорат банклари савдо билан бевосита шуғулланишлари мумкин эмас.
Исломий молияда молиялаштиришни шериклик асосида амалга оширишга рухсат этилган бўлиб, мамлакатимизда тижорат банкларига юридик шахсларни ташкил этиш ёки уларнинг устав капиталларида қатнашишга доир чекловлар ўрнатилган.
Шу муносабат билан, юқоридаги қайд этилган ҳолатларни бартараф этиш ва Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини йўлга қўйиш мақсадида бир қатор қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш талаб этилади.
Мазкур Қонуннинг қабул қилиниши натижасида Ўзбекистонда Исломий молия институтлари учун бухгалтерия ҳисоби ва аудит ташкилоти (AAOIFI) ҳамда Ислом молияси хизматлари кенгаши (IFSB) стандартларига мос келувчи исломий банк фаолияти учун зарур ҳуқуқий асос яратилади.
Ушбу Қонун Ўзбекистонда исломий банклар ва исломий “дарча”лар фаолиятини йўлга қўйиш, “яширин” иқтисодиёт улушини камайтириш, қолаверса мамлакатимизга исломий банк фаолиятини ривожлантиришга йўналтирилган хорижий инвестицияларни жалб қилишга хизмат қилади.