Истанбулда намойишлар: Ўзбекистон консулхонаси огоҳлантириш билан чиқди
Мухолифатдаги Жумҳурият Халқ партияси (CHP) тарафдорлари Истанбул бўлинмасига киритилган чекловлар сабаб кўчага чиқди.

Истанбулда мухолифатдаги Жумҳурият Халқ партияси (CHP) тарафдорлари намойишга чиқди. Бунга партиянинг маҳаллий бўлинма раҳбариятини вақтинчалик лавозимдан четлатилиши ва муваққат кенгаш тайинлаш ҳақидаги суд қарори сабаб бўлди.
Улар ҳукуматнинг митинг ва йиғилишларни тақиқлаганидан ҳам ғазабланди, деб ёзади Hurriyet.
CHP ёшлари соат 23:00 да партия офисида йиғилишга чақиришди. Йиғилиш Истанбул бўлимининг ваколати тўхтатилган раҳбари Ўзгур Челикни қўллаб-қувватлаш учун ташкил этилган. Маҳкама партия қурултойидаги қонунбузарликлар, жумладан, шахсий манфаатдорликда айблаш ва сайловларга таъсир ўтказишга уринишлар туфайли бундай қарорга келган.
Митинглар туфайли Истанбул ҳукумати баъзи ҳудудларда уч кун давомида намойишлар ўтказишни тақиқлади, полиция эса CHP биносига киришни тўсиб қўйди. Намойишчилар офис яқинида тўпланишда давом этмоқда ва полиция билан тўқнашувлар содир бўлмоқда.
Туркия адлия вазири Йилмаз Тунч прокуратура ижтимоий тармоқлардаги провокацион постлар юзасидан текширув бошлаганини маълум қилди. У партиянинг мурожаатлари қаноатлантирилмаганини таъкидлаб, кескинликка йўл қўймаслик учун суд қарорларини ҳурмат қилишга чақирди. Тунч, CHP раҳбариятининг жамият тинчлиги учун баёнотларга масъулият билан ёндашиши кераклигини таъкидлади.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси фуқароларни огоҳлантирди.
Унда айтилишича, Туркия ҳукумати томонидан хавфсизлик чораси сифатида:
- 11 сентябрга қадар 6 туманда, жумладан Бешиктош тумани ҳудудида (Бош консулхона жойлашган), оммавий тадбирларга вақтинча тақиқ жорий этилди;
- хорижий мессенжерлардан фойдаланишда чекловлар мавжуд.
Фуқароларга:
- одам гавжум жойлардан йироқда бўлиш;
- намойиш ўтказилаётган ҳудудларга яқинлашмаслик;
- маҳаллий тартиб-қоидаларга қатъий риоя этиш тавсия этилади.