platina.uz
Жамият

Қирғизистондан наркотик олиб келиб сотган жиноий гуруҳ аниқланди

Андижон вилоятида яшовчи 6 нафар фуқаро ўзаро тил бириктирган ва қирғизистонлик наркосавдогар билан алоқа боғлаган. 

Қирғизистондан наркотик олиб келиб сотган жиноий гуруҳ аниқланди

Қирғизистондан наркотик моддалар олиб келиб, сотиш билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди.

Андижон вилояти Қўрғонтепа туманида яшовчи, 1984–1991 йиллар оралиғида туғилган 6 нафар фуқаро ўзаро тил бириктирган.

Улар қирғизистонлик наркосавдогардан 2 кг “гашиш” моддасини 15.000 АҚШ долларига сотиб олишга келишишади ва ушбу мақсадда 1950 АҚШ долларини бошланғич бадал сифатида унга етказиб беришади.

Ўз навбатида Қирғиз Республикаси фуқароси гиёҳвандлик воситасини ўзбек-қирғиз давлат чегарасидан контрабанда йўли билан ўтказиб, Хонобод шаҳридаги хуфия жойда қолдиради.

Қўрғонтепалик оғуфурушлардан бири эса ушбу заҳри қотилни олиб, ўзининг автомашинасида Хонобод-Қўрғонтепа йўналишида ҳаракатланаётган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан қўлга олинди.

Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, жиноий гуруҳнинг қолган 5 нафар аъзоси ҳам процессуал тартибда қўлга олинди.

Экспертиза хулосасига кўра, ушбу “гашиш” гиёҳвандлик воситасининг соф оғирлиги 1 кг 954 гр.ни ташкил қилди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 246-моддаси 2-қисми ва 25,273-моддаси 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.

Шунингдек, Қозоғистонда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари мамлакат тарихидаги оғирлиги 13 тонна бўлган энг катта кокаин партиясини қўлга олди. Бу ҳақда мамлакат Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати маълум қилди.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари икки нафар хориж фуқаросини наркотик каналини ташкил этишга алоқадорликда гумон қилиб, қўлга олди. Кокаин партияси Қозоғистон орқали учинчи давлатларга жўнатилади, деб тахмин қилинган эди, дейилади департамент баёнотида.

Жиноят иши Қозоғистон Жиноят кодексининг 297-моддаси 3-қисми билан (гиёҳвандлик воситаларини сотиш мақсадида ноқонуний равишда олиш, сақлаш ва ташиш) бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid