platina.uz
Мақола

Хоҳиш йўқми ёки умидсизлик кучаймоқдами?

Ўқувчиларга билимдан кўра кийими, рўмоли ва баданидаги жунига кўпроқ аҳамият бериляпти.

Оддий деҳқон боласи даҳо ва олим бўлиши мумкин, аммо “Зулфиячи” ва “армиячи”лар билан рақобатда ютқазиши аниқлиги учун контрактда ўқишга қийналади.

Хоҳиш йўқми ёки умидсизлик кучаймоқдами?
Фотоколлаж: Platina.uz

Ҳадемай таълим муассасаларида яна ўқиш бошланади. Ёзги танаффусдан қайтган ва илк бора мактабдани кейинги таълим босқичига қадам қўйган янги талабалар илм-фан чўққилари сари кўтарилишда давом этишади. Бу жараён ҳар йили такрорланса-да, жорий йилда мамлакатимиз таълим соҳаси учун бироз ноанъанавий ҳолат юз берди: давлат олий таълим муассаларида (ОТМ) бакалавриат босқичида билим олиш учун имтиҳон топшириш истагида ариза топширган абитуриентлар сони 732 411 нафарни ташкил қилди. Бу рақам охирги 7 йил ичидаги энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Ўтган йили 849 279 та ариза топширилганини инобатга олсак, бу йилги кўрсаткич 18 фоизга пасайган. Охирги 3 йил мобайнида абитуриентлар сони йилдан-йилга пасайиб бориш тенденциясини намоён этган (мос равишда 1 214 232, 1 180 007, 894 279, 732 411 киши).

Мантиқан олганда бу рақам кўпайиб бориши керак эди. Миллий статистика қўмитасининг эълон қилишича, 2024/2025 ўқув йилида умумий ўрта таълим ташкилотларининг 11-синфини тахминан 455 минг ўқувчи битирган. Бу кўрсаткич 2023/2024 ўқув йилига нисбатан солиштирилганда 49,2 минг нафарга ёки 12,1 % га ошган.


"Атом кучини ўтин ёришга" сарфлаётган марказ


Шунингдек, Ўзбекистонда 14-30 ёш оралиғидаги ёшлар сони ҳам кўпайган. Жорий йилнинг 1 январ ҳолатида республика бўйича 14-30 ёшгача бўлган ёшлар сони 9 654 351 киши бўлиб, жами аҳолининг 26,8 фоизини ташкил этмоқда. Зеро, мамлакат аҳолиси ҳам ҳар йили ўртача 1 миллион кишига кўпайиб бормоқда. 28 август куни аҳоли сони 38 миллиондан ошди.

Мактаб битирувчилари кўпайиб бораётганига қарамасдан, олий таълим олишга талабгорлар сони камайганини қандай изоҳлаш мумкин? Бу истакнинг пасайишими ёки истакнинг амалга ошишидан умидсизликнинг кучайишими?

Бу тенденция таълим соҳасидаги камчиликлар билан боғлиқ бўлиши мумкин эҳтимол. Аммо унга олиб келган ижтимоий омиллар ҳам талайгина.

Қизиқишни сусайтирган ўзгаришлар

Энг аввало бу ҳолатни ёшлар сонининг барқарорлашиши натижасида табиий равишда абитуриентлар сони пасайгани билан тушунтириш мумкин.


Ваъдабоз энергетиклар


Лекин асосий сабаб – қизиқишнинг пасайгани, десак тўғрироқ бўлади. Чунки аксарият ёшлар ҳозир давлат эмас, балки хусусий университетлар, коллежлар ёки хорижда ўқишни афзал кўрмоқда. Аввало уларга кириш ҳам, ўқиш ҳам осонроқ. Улардаги таълим дастурлари қизиқарлироқ туюлиши мумкин.

Яна бир омил – жорий йил битирувчилари учун тест синовлари бепул, лекин аввалги йил битирувчилари учун тўлов талаб қилиниши билан боғлиқ. Эҳтимол бу “шунчаки бахтини синаб кўрувчи”лар учун чекловчи филтр вазифасини ўташи учун жорий қилинган бўлиши мумкин. Лекин у ҳам рўйхатдан ўтиш фаоллигига таъсир қилмоқда. Жойларда ҳатто ўқитувчилар ва бошқа алоқадор шахслар абитуриентлар фаоллигини ошириш учун битирувчилар ёки 9-10-синф ўқувчиларига “имтиҳон топшириб кўришни” мажбуран таклиф этишган ҳолатлари ҳам кузатилди.

“Дипломнинг кераги йўқ”

Аммо энг асосий омил иш бозоридаги янги тенденциялар ва ишга киришда дипломнинг аввалги йилларга нисбатан зарурияти пасайиб бораётгани билан боғлиқ. Иш берувчилар энди номзодларнинг дипломи билан эмас, қўлидан аниқ нима ишлар келиши ва қандай билим ва тажрибага эгалиги билан қизиқишмоқда. Меҳнат бозоридаги оммабоп ваканцияларда номзод учун талаблар рўйхатида “албатта олий маълумот бўлиши шарт” деган сўзларни кўрмайсиз энди. Бу каби бўш иш ўрнига лойиқ бўлиш, талаб қилинаётган билим ва кўникмани олиш учун энди 4 йил университетга қатнаб вақт ва молиявий ресурсларни сарфлаш, юмшоқ қилиб айтганда, самарасиз бўлиб қолди.


Ботқоқдан чиқолмаётган ўзбек киноси


Айтайлик, бирор компанияга хитой тили таржимони керак дейлик. Бунинг учун 6 ойлик курсни тугатиб, яна 6 ой амалий тажриба олиш кифоя бўлиб қолди. 4 йилда кетадиган шартнома ҳамда яшаш учун маблағ, яшаш учун жой қидириш (чунки ётоқхоналар етарли эмас), энг муҳими, қимматли ёшлик даври тежаб қолинади. Яна тағин университетларда талабаларга билим беришдан кўра кийими, рўмоли ва баданидаги жунига кўпроқ аҳамият берилишидан, асосий касб учун мутлақо кераксиз бўлган “билимлар” берилишидан асаббузарлик қилишнинг ҳам зарурати қолмайди.

Яна бир эътиборли нуқта – ҳатто диплом олиш ҳам энди яхши шароитли ва маошли, карьера ўсиши таъминланган иш топиш кафолатини бермайди. Хуллас, олий маълумот талаб қилинмайдиган соҳаларда иш топиш осонлашгани, давлат таълим даргоҳларида билим олиш қийинлашгани боис баъзи ёшлар университет ўрнига ишлашни, ўқишни кечиктиришни ёки бошқа муқобил йўлларни танламоқда.

Монополлик имтиёзидан мастликми, гумроҳликми?

Албатта, абитуриентлар сонига қизиқиш илдизлари бугун пайдо бўлиб қолгани йўқ. У соҳадаги узоқ йиллик тизимли салбий ўзгаришларнинг оқибати. Бу оқибат охиргиси эмас, у ортидан янада кескинроқ ва кўпроқ муаммоларни ҳам пайдо қилиши табиий.


Хўжакўрсинга ишлаётган Туризм қўмитаси


Масалан, биринчи маъмурият даврида олий таълим олишга талабгорлар кўп эди. Бироқ соҳа ўта монополлашган ва коррупциялашгани боис кириш жуда қийин эди. Талаба ўринларининг камлиги эса рақобатни оғирлаштирган. Ҳатто айрим маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги талаба ўринлари сони аҳолиси ундан 3 баравар кам қўшни давлатлардагидан ҳам камроқ бўлган. “Мусаффо осмонли” мамлакатимиздаги талаба ўринлари, осмони у қадар ҳам мусаффо ва тинч бўлмаган Афғонистондагидан-да камроқ бўлгани ҳақида маълумотлар тарқалган.

Ҳаммаси мактабдан бошланади

Аслида мактабда олинган билим таълимнинг юқорироқ босқичига ўтиш учун етарли бўлиши лозим. Лекин реал вазиятда репетитор ёлламасдан, қўшимча дарс ва машғулотларсиз кириш имтиҳонлари – тестлардан ўтиш деярли имконсиз. Бу тестларни айрим устозларнинг ўзи ҳам еча олмайди. Мактабдаги таълим сифати, таъмирланиш даражаси ва шарт-шароитлар эса 30 йилдан бери яхшиланмаяпти. Йил ора янги ислоҳотлар эълон қилинади, вазирлар алмашади, бироқ вазият ўнгланмаяпти. Биз бу ерда президент мактаблари, хусусий мактаблар ва бошқа алоҳида эътибор марказидаги элита мактабларини назарда тутмаяпмиз. Биз ўртача статистик мавқедаги умумий ўрта таълим мактабларидаги вазиятдан келиб чиқяпмиз.


Кўзи бойланган адолат Ўзбекистонда "туғилмаганмикин"?


Мактабаларда таълим сифати ҳақида гапиришдан аввал ўқувчи ўрни танқислиги кўпроқ муаммога айланганини қайд этиш лозим. Масалан, жорий йил ярмига оид маълумотларга кўра, иқтисодчи Отабек Бакировнинг эътибор беришича, Ўзбекистоннинг 9 та ҳудудида, хусусан Тошкент шаҳрида биронта янги мактаб ишга туширилмаган. Гарчи ўтган ўқув йили бошланиши олдидан Ўзбекистонда 1,7 млн ўқувчи ўрни етишмаган бўлса-да! 2024/2025 ўқув йилида 455,2 минг ўқувчи мактабларни битирди. Янги ўқув йилида 738 минг ўқувчи 1-синфга чиқади. Яъни, мактаб ўқувчилари сони 282,8 мингга ошади. Қурилаётган мактаблар ҳақидаги маълумотлар инобатга олинса, ўқувчи ўрни етишмовчилиги янада ошади, айниқса, Тошкент ва йирик шаҳарларда (Мактаб вазирлиги мактабларнинг қуввати ва 2-3 сменада ишлайдиган мактаблар ҳақидаги маълумотларни расмий саҳифасига жойламаган). 2 йил аввалги статистикага кўра, 75,5% мактаблар 2- ва 3- сменада ўқишга мажбур эди.

Статагентлик маълумотига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида Ўзбекистонда 68 та янги мактаб қурилган. Бакировнинг тахминича, уларнинг ярмидан кўпи, 35 таси Андижон вилоятида (ЕТТБ лойиҳаси ҳисобига қурилган.

Охирги 1 йилда Тошкент шаҳри аҳолиси 70 мингга кўпайган (охирги 7 йилда 663,5 мингга). Бунга Тошкент шаҳрига туташ Қибрай, Тошкент, Зангиота, Қуйи Чирчиқ ва Юқори Чирчиқ туманларидан келиб ўқийдиганларни ҳам қўшиш керак. Иқтисодчининг фикрича, таълимдаги раҳбарларда пойтахтда тобора кучайиб бораётган мактаб етишмовчилигини "хусусий мактаблар ечади" қабилидаги нотўғри қараш шаклланган.


Эски латифа – бизнесда “ўртача ҳарорат”...


Аҳолимиз эса, юқорида келтирилганидек, ўсиб бормоқда. 2024 йилдаги маълумотларга кўра, халқимизнинг 37,5 фоизини 19 ёшгача бўлган болалар ташкил этади. Ўқувчилар сони 6,5 млн киши бўлса, мавжуд мактаблар сиғими 5,2 млн ўқувчига етарли холос. Натижада ўқувчиларнинг 33 фоизи иккинчи ёки учинчи сменада ўқишга мажбур бўлмоқда.

Мактаблардаги таълим сифатини эса натижаларга қараб баҳолаш мумкин. Масалан, PISA-2022 рейтинги бўйича 2022 йилда ўзбекистонлик мактаб ўқувчилари математикадан 364 балл (жаҳонда ўртача кўрсаткич – 472 балл), ўқишдан 336 (476), фанлар бўйича 355 (485) балл тўплаб, ўртача қийматдан ҳам паст натижа кўрсатишди.

2021 йилда ОТМларига имтиҳон топширган 893 минг абитуриентнинг деярли ярми – 319 минг нафари (35,8%) минимал ўтиш бали – 56,7 балл ҳам тўплай олмади. Энг ёмон кўрсаткичлар Қашқадарё, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида қайд этилди.

“Ма санга, ма санга”, нима қолди Ҳасанга?

Қолаверса, олий ўқув юртларига киришда имтиёзларнинг ниҳоятда кўпайиб кетгани ҳам муаммони ўткирлаштирмоқда. Ҳарбий хизматни яхши ўтагани учун, “Зулфиячи” бўлгани учун, катталарга салом бергани учун, кўчадан кексаларни ўтказиб қўйгани учун, эрталаб яхши кайфиятга уйғонгани учун ва ҳоказо “хизматлари” учун имтиёзлар йил сайин урчиб борди. Билими етарли ва истаги кучли ёшлар эса улар билан рақобатда мағлубият аламини тортиши табиий. Бу ҳам Ўзбекистондаги таълим даргоҳларига кириш истагини пасайтирди.

Чўнтак кўтармайдиган билим

Яна бир аҳамиятли жиҳат – таълим учун тўлов қийматининг йил сайин ортиб бораётгани билан боғлиқ. Оддий деҳқон боласи даҳо ва олим бўлиши мумкин. Аммо “Зулфиячи” ва “армиячи”лар билан рақобатда ютқазиши аниқ бўлгани учун контракт асосида ўқишга қийналади. Натижада Россияга мардикорликкка кетиб, миллатчи ва неофашист русларнинг “сен менинг қулимсан” дея ҳақорат қилиши ва улардан ҳам миллатчироқ Россия полициясининг уриб-тепкилишига рози бўлади. Ёки хорижда арзонроқ ва кириш осонроқ бирор таълим даргоҳини танлайди.

Балиқ гапирмайди, нолимайди, аммо қулайроқ жой қидиради

Шу каби омиллар натижасида ёшлар кириш осонроқ бўлган хорижий олий ўқув юртларига кетиб қола бошлади. Жаҳоннинг ТОП-500 университетларида ўқийдиган марказий осиёлик ёшлар орасида ўзбекистонлик талабалар биринчи ўринга чиқди. Россияда 2023 йилда 48,7 минг ўзбекистонлик талаба бўлган ва улар бу борада фақат Қозоғистондан (61 минг киши) ортда қолган холос. (Бу Қозоғистонда таълим сифати ёмонлиги ёки талаба ўрни камлиги ёхуд ўқишга кириши қийинлиги билан эмас, балки русийзабон аҳоли кўплиги ва Россияга яқинлиги билан боғлиқ.)


Бунга жуда оз қолди – сув минтақада энг ноёб неъматга айланади


Жанубий Кореяда бизнинг авлод Вьетнам ва Хитой фуқароларидан кейин 3-ўринни эгаллаган ва ҳоказо. Умуман, 2022/2023 ўқув йилида 1 миллиондан зиёд талаба Ўзбекистонда бакалавриат босқичида ўқиётганда 150 мингдан зиёд ёшларимиз хорижда олий таълим олаётган эди.

Ислоҳотлар давом этмоқда

Таълим тизимидаги камчилик ва муаммолар ҳақида кўпроқ бонг уришга ҳақлимиз. Чунки давлат бюджетининг деярли чорак қисми таълим учун ажратилади. Хусусан, мактабгача ва мактаб таълими соҳаси ташкилотлари харажатлари учун 70 трлн сўмга яқин маблағ ажратилиши режа қилинган. Ўрта таълим харажатлари шунинг асосий қисмини – 54 трлн сўмни ташкил этади. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан 22,9 фоиз юқори бўлиб, давлат бюджети жами харажатларининг 15,7 фоизига тенг.

Соҳадаги ислоҳотлар ҳам аста-секин самара бермоқда. Масалан, болалар боғчалари сони 8 баробарга кўпайиб, 38 000 тага етди, мактабгача таълим қамрови 27 %дан 76 %га ўсди. 7 йил ичида 5 000 дан ортиқ мактаб, шу жумладан, 2024 йилда 608 та мактаб қурилди ёки таъмирланди.

Шаҳардаги мактабларнинг 85 фоизи, қишлоқдагиларининг 45 фоизи рақамли ресурсларга киритилди.

2025 йилда қўшимча 100 та янги мактаб қуриш, 257 000 нафар ўқувчи учун жой яратиш, 112 000 та янги ўқув ўрни ташкил этиш, Ислом тараққиёт банкидан 58 та янги мактаб учун $200 млн жалб қилиш режалаштирилган эди.

2024 йилда 1500 мактабда замонавий баҳолаш тизими жорий этилди; ўқитувчилар малака оширгани учун 70 %гача бонус олиш имкониятига эга; ҳудудий марказлар, педагогик марказлар очилмоқда.

2030 йилга бориб, PISA рейтингида ТОП 30 давлатлари қаторига қўшилиш режа қилинмоқда.

Тошкент педагогика университетини миллий даражага кўтариш, янги турдаги университетлар (“Янги Ўзбекистон”) ва педагог кадрлар ривожини таъминлаш режалаштирилган. Миллий ва хорижий ўқитувчилар тайёрлаш, лабораториялар ташкил этиш ишлари бошланган.

ОТМлар сони 72 тадан (2017/18) 219 тагача (2023/24) кўпайиб, 304 % ўсишни намоён қилди.

Хорижий университетлар сони 31 тага етди, халқаро дастурлар – ўндан ортган. ОТМга қабул илгариги 8,3 % ўрнига (18-23 ёш) – 47,7 % га чиққан.

Ўзбекистон халқаро рейтингларда, жумладан, QS Central Asia’да – 23 та, THE Impact’да 53 та, жаҳоннинг топ-1000 талигига Ўзбекистондан 7 та ОТМ кирган.

Аёллар учун магистратура бепул ва имтиёзли кредитлар тақдим этилмоқда.

Бу каби қадамлар барчани ташвишга солаётган муаммоларни бартараф этади, деган умиддамиз.

Хулоса

Фикрларга нуқта ўрнида айтиш жоизки, абитуриентлар сони камайиши шунчаки тасодифий воқеа эмас, балки тизимли ўзгаришларнинг натижасидир. Бу ҳолат ёшлар билим олиш стратегияси ўзгариб бораётганини кўрсатади. Энди давлат университетлари янги реалликка мослашувчи сиёсат юритишига тўғри келади. Ўзбекистон таълим тизими янги йўналишда ҳаракатланиши, мослашувчан, очиқ ва рақобатбардош бўлиши талаб этилади.

Таълим тизимимизни бошидан охиригача регуляция қиладиган битта "бош" керак. Йўқса бошсиз одамдек адашиб, чалкашиб, тентираб юраверамиз.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid