platina.uz
Мақола

Эски латифа – бизнесда “ўртача ҳарорат”...

Тадбиркорликка ёрдам сиртдан қараганда зўрдек, аммо амалда жуда аянчли. Бунга эса палата, солиқ ва судлар яхшигина тўсиқ ҳам бўляпти.

Эски латифа – бизнесда “ўртача ҳарорат”...
Фотоколлаж: Platina.uz

Кўпинча тадбиркорликни, хусусан, кичик тадбиркорлик субъектларини (КТС) ривожлантириш ҳақида гап кетганида, уларни мамлакат иқтисодий тараққиётининг “локомотиви”, “иқтисодиёт устуни”, “бандликни таъминлашнинг асосий манбаи” деган иборалар кўп қўлланилади.

Ўзбекистонда ҳам бу ҳақиқат аллақачон англаб етилган ва тинимсиз ислоҳотлар олиб бориляпти, албатта. Натижада қулай бизнес муҳити яратишга интилиш кузатилмоқда.

Бизнес муҳит қулайлиги рекорд ўрнатди

Июл ойи охирида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (ИТИМ) жорий йил июн ойи учун республика бўйлаб тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровлар асосида бизнес муҳити таҳлили натижаларини эълон қилди.

Унга кўра, июн ойида Ўзбекистонда бизнес муҳити индекси 63 пунктни ташкил этган. Бу сўнгги икки йил ичида қайд этилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.


"Атом кучини ўтин ёришга" сарфлаётган марказ


Хусусан, бизнес муҳити индекси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10 бандга ошиб, 63 бандни ташкил этган. Бу эса узоқ муддатли истиқболда бизнес ишончининг мустаҳкамланаётганини кўрсатади. Шунингдек, ўтган ойга нисбатан ҳам 2 бандга ўсиш қайд этилди, бу эса жорий йил бошидан бери энг юқори кўрсаткич ҳисобланади.

Июн ойида бизнес муҳити индексининг жорий ҳолати 47 бандни ташкил этди, бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 бандга ошганини кўрсатади.

Бизнеснинг жорий ҳолати индекси тадбиркорларнинг мамлакатдаги реал вазият ва бизнес юритиш шароитлари ҳақидаги тасаввурини акс эттиради. Унда савдо ҳажми, бандлик, талаб, ресурсларга етишимлилик ҳамда операцион муҳит барқарорлиги каби омиллар инобатга олинади.

Шу билан бирга, бизнеснинг истиқболдаги кутилмалар индекси 6 бандга ошиб, 80 бандни ташкил этди. Бу эса тадбиркорларнинг барқарорликка бўлган ишончини намоён этмоқда.

Натижаларга кўра, тадбиркорларнинг 38%и сўнгги уч ойда ўз бизнеси ҳолатининг яхшиланганини маълум қилган, 38%и талаб ўсганини қайд этган, 24%и эса ишчилар сонининг кўпайганини билдирган. Шу билан бирга, сўровда иштирок этган тадбиркорларнинг 71%и келгусида талаб ўсишини, 59%и ишчилар сони кўпайишини, 21% эса нархлар ўсишини кутмоқда.

Кичик тадбиркорлик субъектларининг улуши

Нисбатан қулай муҳит шарофати билан кичик тадбиркорлик субъектлари йил сайин кўпайиб бормоқда. 2025 йилнинг биринчи ярим йиллиги якунига кўра, 1 млн 200 мингдан ортиқ кичик тадбиркорлик субъектлари (КТС) мавжуд бўлиб, ўтган йилгидан деярли 80 мингга кўп дегандир.


Ваъдабоз энергетиклар


КТСларнинг 487,1 мингтаси (2024 йилнинг 1 октябр ҳолатига кўра 399 мингта) – кичик корхона ва микрофирмалар, 270,6 мингтаси – якка тартибдаги тадбиркорлардан (ЯТТ) иборат. Деҳқон хўжаликлари – 414,3 мингта, оилавий тадбиркорлар – 5,9 мингта, ҳунармандлар – 21,6 мингта, импорт маҳсулотлари сотувчилари сони мингтага етган. Ҳар минг аҳолига 31,8 КТС тўғри келмоқда.

Ўтган давр мобанйида КТС сектори ҳам янги имтиёзларга эга бўлди: солиқлар соддалаштирилди ва камайтирилди, тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш осонлаштирилди. Рақамлаштириш (IT-парк, онлайн рухсатномалар) ҳам соҳа тараққиёти учун самарали хизмат қилмоқда. Хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат дастурлари амалга оширилмоқда.

Бу каби ўзгаришлар ўз самарасини беряпти, албатта. Кичик бизнес фақат товар ва хизматлар ишлаб чиқарибгина қолмай, мамлакатдаги иш ўринлари, солиқ тушумлари ва маҳаллий иқтисодий фаолликнинг асосий манбасига айланмоқда.

Кичик тадбиркорлик субъектларини иқтисодий фаолият турлари бўйича энг юқори улуши қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигига тегишли бўлиб, 97 фоизга тенг. Яъни бу соҳанинг деярли ҳамма жиҳатини КТС ташкил этади.

(Бироқ бу ерда номига мустақил тадбиркорлик субъекти, аслида эса режалаштириш ва қўлда бошқариш ҳамда давлат ҳокимияти идораларининг аралашуви ва ҳатто назорати остида фаолият кўрсатувчи норасмий “колхоз” мақомидаги фермер хўжаликларининг ҳиссаси борлигини унутмаслик керак.)

Кейинги ўринларда қурилиш (79,4%) ва хизмат кўрсатиш (43,9%) турибди. Ҳисобот даврида КТС 106 млрд 790 минг сўмлик қурилиш ишлари бажарган. Бу умумий қурилиш ҳажмининг 77,6 фоизини ташкил этади. 2024 йилнинг шу даврига нисбатан ўсиш суръати 109,6 фоизга тенг бўлган.

Чакана савдо айланмасида кичик бизнеснинг улуши 81,8 фоиз, яъни 162 млрд 483 минг сўм бўлган. Ўсиш суръати 108,7 фоизни ташкил этган. Хизматлар соҳасида улуш 54,8 фоиз бўлиб, 250 млрд 892 мингни қайд қилди.


Ботқоқдан чиқолмаётган ўзбек киноси


2025 йилнинг январ-июнида юк ташишнинг 51,4 фоизи, юк айланишининг эса 76,6 фоизи кичик тадбиркорлар ҳиссасига тўғри келган. Бу ўтган йилга нисбатан мос равишда 106,9 % ва 106,5 % ўсишни кўрсатди.

Шунингдек, автомобил транспортида йўловчи ташиш хизматларининг 90,5 фоизи кичик тадбиркорлик субъектлари ҳиссасига тўғри келган. Бу кўрсаткич 2024 йилга нисбатан 3,4 фоизга ошган. Йўловчи айланишининг 95,3 фоизи ҳам айнан кичик тадбиркорлар томонидан амалга оширилган бўлиб, ўсиш суръати 102,8 фоизни ташкил этди

КТС энг кам қамраб олган соҳа эса саноат йўналиши бўлиб, атиги 26,1 фоизни ташкил этади. Шундай бўлса-да, КТС ҳисобот даврида 161 млрд 959 минг сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарган, саноат ишлаб чиқариш ҳажмининг 33,2 фоизини этган. Ўсиш суръати 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 118,4 фоизни ташкил этади.

Бир қарашда ҳаммаси гўзал...

Статистика қўмитасининг 2025 йилнинг 1-ярмига оид охирги ҳисоботига кўра, КТС мамлакат ЯИМга 49,6 фоиз ҳисса қўшган. Таққослаш учун, ўтган йилнинг шу даврида кўрсаткич 47,5 фоизни ташкил қилган эди.

Бироқ худди шу кўрсаткич 2021 йилда 54,8%, 2022 йилда 52,5%, 2023 йилда 51,5%, ўтган йилда (12 ой учун) 50,7% бўлган. Бир пайтлар кичик бизнес ЯИМнинг ярмидан зиёди бўлган ҳолда йил деярли 2 фоизга камайиб бораётганини қандай тушуниш мумкин?

Мамлакат иқтисодиёти ҳам ривожланмоқда, бироқ...

Маълумки, ЯИМдаги улуши деярли 50 фоиз бўлган КТСлар шарофати билан умуммиллий иқтисодиёт ҳам тобора ривожланиб боряпти. 2025 йилнинг январ-июн ойларида ЯИМ ҳажми 807,9 трлн сўмга етган. Статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, ўсиш суръати 7,2 фоизни ташкил этиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан атиги 0,6 фоиз тезлашган. Саноат ишлаб чиқариши 6,6 фоизга ошиб, 204,6 трлн сўмга етган. Қурилиш соҳасида ўсиш 10,7 фоиз бўлиб, ҳажми 57 трлн сўмни ташкил этган. Савдо, яшаш ва овқатланиш хизматлари ҳажми 10,2 фоизга ошиб, 89,1 трлн сўмга етган. Транспорт, сақлаш, ахборот ва алоқа хизматлари энг юқори ўсишни (4,7 фоиз) кўрсатиб, умумий ҳисобда 66,7 трлн сўмга етган.

Бироқ, иқтисодчи экспертларнинг қайд этишича, мамлакатдаги иқтисодий ўсиш суръати минтақада энг паст ҳисобланади. Жумладан, Қирғизистонда ЯИМ 11,7 фоизга ошиб, ўтган йилга нисбатан 3,6 фоизга тезлашди. Бунга ишлаб чиқариш тармоқлари, хизматлар соҳаси ва бевосита солиқлар сабаб бўлган. Бу кўрсаткичлар билан Қирғизистон минтақамизда энг тез ўсаётган иқтисодиёт соҳибига айланди.

Қозоғистон иқтисодиёти эса йилнинг биринчи ярмида 6,2 фоизга ўсган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 3 фоиздан юқори ҳисобланади. Бу ўсишга, нефт ва нефт маҳсулотлари, газ, маиший техника, мобил телефонлар, фармацевтика, машинасозлик маҳсулотлари, дон ва тамаки каби тўққизта товар асосий сабабчи бўлган.

Яна бир қўшнимиз Тожикистон иқтисодиёти ҳам минтақада сезиларли ўсиш суръати билан диққатга молик. Бу ерда ЯИМ 8,1 фоизга ошиб, ўтган йилга нисбатан 1,9 фоиз бандга тезлашди.


Хўжакўрсинга ишлаётган Туризм қўмитаси


Нега биз минтақада орқада қола бошладик? Бир пайтлари Ўзбекистонни янги Осиё йўлбарси бўлади дея башорат берган экспертлар уялиб қолишига сабаб нима? КТС улушининг йилдан-йилга камайиб бораётгани ва Ўзбекистон иқтисодий тараққиёт суръати кўрсаткичининг минтақада энг пастлиги орқасида қандай боғлиқлик бор?

“Ўртача ҳарорат” яхшилигига алданяпмизми?

Шифохонага яқинда ишга келган, тиббиёт олийгоҳини тугатган мутахассис тунги навбатчиликка қолибди. Бош врач эрталаб янги мутахассиснинг биринчи навбатчилиги қандай ўтгани билан қизиқибди.

– Хўш, шифохонада беморларнинг аҳволи қандай, иситмаси чиққанлар кўп бўлдими?

– Ҳаммаси жойида, ҳамма соғлом – шифохона бўйича ўртача тана ҳарорати 36,6 даража.

– Ие, ўртачасини ҳисоблаганда ҳам, бундан баланд бўлади-ку?

– Мен ўликхонадагиларнинг ҳам ҳароратини қўшиб ҳисобладим-да!

Бугунги кунда “Ўзбекистон ёки фалон шаҳар бўйича ўртача маош фалон сўмга чиқди, фалон кўрсаткич эса ўртача фалон фоизга чиқиб, ижобий ўсиш тенденциясини намойиш этяпти” деган статистик ҳисоботлар қулоққа чалинса, мана шу латифа эсга тушади.

Ўртача маош 10 миллион сўм бўлгани билан, кимлардир 30-40 миллион олгани ҳисобидан шундайлигини, аслида 2-3 миллион ойлик оладиганлар аҳолининг аксариятини ташкил этишини “унутиб” қўямиз гоҳида. Лекин тенденция зўр – ўртача ҳарорат 36,6 даража, ҳамма соғлом!

Бу латифани, афсуски, иқтисодий ютуқлар, бизнес учун яратилаётган имкониятлар ҳақидаги рақамларга ҳам татбиқ этиш мумкин.

Биринчидан, давлат идораларининг ҳисоботларига ишонишимиз керак албатта. Аммо яқинда рўй берган бир халқаро можаро сал қолса, бу ишонч ойнасининг дарз кетишига сабаб бўлди.

Гап шундаки, яқинда Washington Post газетаси Ўзбекистон нотўғри маълумотлар бергани боис, иқлим исиши зарарлари натижалари хато ҳисоблангани иддао қилинган мақола чоп этди.

Бир йил аввал Nature журналида чоп этилган мақола жаҳон иқтисодиёти 2050 йилга бориб иқлим ўзгариши туфайли 19 фоизга, 2100 йилга келиб эса 62 фоизга пасайиши мумкинлигини даъво қилган эди. Бу рақамлар аввалги баҳолардан уч баробар катта бўлиб, жаҳон миқёсида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Ушбу таҳлиллар АҚШ ҳукумати, Жаҳон банки каби ташкилотлар томонидан ҳам фойдаланилган.

Nature’да чоп этилган янги изоҳга кўра, агар Ўзбекистон маълумотлари олиб ташланса, 2100 йилга келиб прогноз қилинган иқтисодий йўқотиш 62 фоиздан 23 фоизга, 2050 йилгача эса 19 фоиздан 6 фоизга тушади. Маълумотларда 2000 йилда Ўзбекистон ЯИМи деярли 90 фоизга тушиб кетгани, 2010 йилда 90 фоизга кўтарилгани кўрсатилган – бу эса ҳақиқатга зид бўлган. Жаҳон банки маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ўсиш сўнгги 40 йилда 0.2% йўқотишдан 7.7% ўсишгача бўлган. Бу нотўғри маълумотлар моделнинг нотўғри ишлашига олиб келган – гўё иқлим ўзгариши иқтисодга улкан зарба берганидек тасаввур уйғонган...

Ҳозир иқлим муаммоларига тўхталмаймиз. Шунчаки статистика рақамларининг ҳар доим “аппа-аниқ” бўлишига шубҳа туғилганини қайд этмоқчимиз холос.

Иккинчидан, барча тадқиқотлар ва ижтиомий сўровномалар худди янги келган шифокорнинг бутун шифохона бўйича чиқарган ҳарорат кўрсаткичига ўхшайди. Қайсидир йўналиш ёки ҳудуддаги бизнес ўлик ҳолда – “тана ҳарорати” – 0 даража, қайсидир жойда 40-50 даража эҳтимол. Аммо “ўртача ҳарорат” хавотир уйғотмайди. КТСларнинг ҳам турли солиқ ва божхона имтиёзлари, непотизм каби иллат меваларидан фойдаланаётганлари эҳтимол гуркираб ривожланаётган бўлиши мумкин. Аммо бу “жаннатий шароит” ҳамма КТСга тааллуқли дейиш мантиққа зид бўлар эди.

Кичик бизнеснинг катта муаммолари

Ижтимоий тармоқлардаги тадбиркорларнинг “оҳ-воҳлари” ва судлашув тарихларини кузатиб, умумий тарзда қуйидаги тўсиқлар ҳамон КТС ривожига халақит бераётгани ҳақида хулоса қилиш мумкин:

1. Беқарор қонунчилик

Бизда ўйин қоидалари исталган вақтда ўзгариши мумкин. Масалан, 2024 йилда экспорт қилувчиларнинг валюта тушумларига қўйиладиган талаблар уч марта (!) ўзгарган. Солиқ борасидаги қонунчилик аҳволи ҳам шундай, афсуски. Тадбиркорларнинг солиқ мажбурияти тез ўзгаради ва бухгалтерлар учун қайтадан ҳисоб-китоб қилиш бош оғриғи пайдо бўлади. Акс ҳолда катта жарималар тўлаш ва ишни тўхтатишга ҳам мажбур бўлишади. Бундай вазиятда бечора тадбиркор қандай қилиб узоқ муддатли режалар туза олади? Келажакдаги барқарорликдан умид қила олади?

Шу боис ҳатто жорий йил март ойида эълон қилинган президент қарори билан кичик ва ўрта бизнес учун янги мажбуриятларни татбиқ этишга мораторий қўйилди. Бу тартиб 1 июлдан 2028 йил 1 январгача давом этади. Мораторий шартларига кўра, КТС фаолиятини тартибга солишга қаратилган барча ўзгаришлар маълум бир сана – ёки йил боши (1 январдан), ёки йил ўртаси (1 июлдан) кучга кирадиган бўлди.

2. Бюрократия ва “виртуал ойналар”

"Ягона дарча" ишлайди, лекин идеал эмас. Ҳудудларда ҳамон айрим ҳужжатларнинг қоғоз нусхаларини олиб келиш, имзо тўплаш, "юқоридан рухсат" кутиш керак.

3. Солиқ органлари томонидан босим

Сўровларга кўра, тадбиркорларнинг учдан бир қисми солиқ инспекторлари “жарима солиш учун сабаб қидирмоқда” деб ҳисоблайди. Кўпинча – олдиндан огоҳлантирмасдан жаримага тортишни хуш кўришар эмиш.

4. Шартлари ва фоизи оғир кредитлар

Микрокредитлар бўйича фоиз ставкалари: йиллик 24-28%! Бунга бошқа талабларни – гаров, кредит тарихи, кафиллар муаммоларини ҳам қўшинг.

5. Коррупция ва “қўнғироқ ҳуқуқи”

2025 йилда, афсуски, ҳамма нарса ҳали ҳам қонунга қараганда телефон орқали қўнғироқ билан тезроқ ҳал қилинади. Таниш-билишчилик ва бошқа коррупция “неъматлари” ҳамон ўз кучида қолмоқда. Қаерда пул кўп бўлса, коррупция ўша ерда ҳозиру нозир бўлади.

6. Судларнинг чала мустақиллиги ва заиф позицияси

Судлар кўпинча бизнес тарафида эмас, давлат идораси ёки давлат корпорацияси тарафини олган ҳолатлар бўйича шикоятлар тўхтамаяпти.


Кўзи бойланган адолат Ўзбекистонда "туғилмаганмикин"?


7. Давлат сектори ва сунъий монополиялар билан рақобат

Бир қатор соҳаларда (энергетика, логистика, саноат ишлаб чиқариши ва ҳоказо) давлат корпорациялари имтиёзлар олади ва бозорни амалда монополия қилади. Хусусий тадбиркорлар бундай “чангалзор”га киришни истамайди, кирса хам омон қолишдан умид қилмайди.

Айниқса, давлат буюртмалари бўйича тендерларни шафоф қилиш борасидаги танқидлар ҳамон долзарб.

8. Инфратузилмадаги камчиликлар

Саноат зоналари, йўллар, барқарор электр энергияси – муаммолар рўйхати бошида турибди. Яқиндагина, яна тағин ёз фаслида, ҳаттоки пойтахт Тошкентда электрни огоҳлантирмасдан ўчириб-ёқишлари КТСларга тегишли қурилмаларга зарар етказди, улар анча фойдадан қуруқ қолишди. Бироқ бунинг учун жавобгарлик ва товон пули тўлаш механизмлари ишлаб чиқилмаган. Тўғри, судга мурожаат қилиш мумкин, лекин...( тепадаги 6-бандни ўқинг).

Шунингдек, қишлоқларда электр ва интернетда узилишлар мавжуд. Рақамлаштириш ҳақида-ку гапирмаса ҳам бўлади.

9. Кадрлар етишмаслиги

Ёшлар хорижга бош олиб кетмоқда. Худди шу иши учун хорижда яхшироқ маош беришади чунки. Хориждаги маошни бера олиш учун эса КТСлар нафақат очкўзликдан воз кечиш, балки хориждаги каби қулай бизнес муҳитига муҳтож.

10. Кичик бизнес қўллаб қувватланади, лекин...

Давлат раҳбари кичик бизнесни қўллаб-қувватлашни талаб қиляпти, қонунчилик такомиллаштириляпти. Масалан, президент қарори билан Ўзбекистонда шу йил охиригача “Ёшлар бизнес-инкубаторлари” марказлари ташкил этилиши белгиланди. Бироқ ижро маданияти ва масъулияти талаб даражасида эмас. “Ёш тадбиркорлар” рақамли платформалари, Савдо-саноат палатаси, турли грантлар, субсидиялар... Бироқ улардан фойдаланишнинг минг хил шартлари бор. Бир мисол, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини (ТИФ ТН коди 61 – 63) экспорт қилувчи ташкилотларга субсидия ажратилади. Бироқ уни олиш учун “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасига аъзо бўлиш керак ва ҳоказо.

Қоғозда эмас, амалда эътибор керак

Ўзбекистонда кичик бизнес вакиллари жўшиб ишлашни, катта даромад олиб, катта солиқ тўлашни ва ривожланишни хоҳлайди. Улар аллақачон ўз имконияти ва қудратини, орзу ва ниятларини рақамлар билан исботлаб бўлишди. Aммо энди уларни нафақат "қоғозда қўллаб-қувватлаш", балки амалда ҳимоя қилиш керак.

Иқтисодиётнинг муваффақияти фақат ЯИМнинг ўсиши билан ўлчанмайди, балки минглаб тадбиркорларнинг келажакка хотиржам, қўрқмасдан, истиқболли ишлай олишига ишончи билан ҳам ўлчанади. Бу ишонч мустаҳкам бўлмаса, ҳар қандай рақамлар шунчаки “кўзбўямачилик” бўлиб қолаверади. “Ўртача ҳарорат” яхшилигидан қувониб юраверамиз.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid