"Атом кучини ўтин ёришга" сарфлаётган марказ
Ўз вазифасидан бошқа ҳамма ишни қилиб кўраётган Республика маънавият ва маърифат маркази ҳақида барча ҳақиқатлар.

Забардаст ёзувчимиз Абдулла Қаҳҳор куюниб гапирган: "Адабиёт атомдан кучли, лекин унинг кучини ўтин ёришга сарф қилиш керак эмас".
Сўзни бекорга адабиётдан бошламадик. Миллатни миллат сифатида шакллантирадиган, уни дунёга мафкуравий жиҳатдан танитишга хизмат қиладиган соҳа адабиётдир. Буни исботлаш қийин эмас.
Буюк тарихимиз билан фахрланамиз, етук алломалар, шоиру ёзувчиларимизни жаҳон тан олган, ўқиб-ўрганишда ҳамон давом этяпти. Мана шунинг ўзи миллатни адабиётчалик тан олдирадиган (танитадиган эмас) йўналиш йўқлигини англатади.
Бундан бир аср олдин ҳали йигирмага ҳам кирмаган Чўлпон буни яхши тушунтириб берган:
"Ҳеч тўхтамасдан ҳаракат қилуб турғон вужудимизга, танимизга сув-ҳаво не қадар зарур бўлса, маишат (тирикчилик) йўлида ҳар хил қора кирлар ила кирланган руҳимиз учун ҳам шул қадар адабиёт керакдир. Адабиёт яшаса – миллат яшар. Адабиёти ўлмағон ва адабиётининг тараққийсига чалишмаган ва адиблар етишдирмағон миллат охири бир кун ҳиссиётдан, ўйдан, фикрдан маҳрум қолуб, секин-секин инқироз бўлур. Муни инкор қилиб бўлмас. Инкор қилғон миллат ўзини инқирозда эканун билдирур".
Бизда миллат, миллий мафкура учун курашиши керак бўлган, унинг асосларини ишлаб чиқадиган Республика маънавият ва маърифат маркази бор. Аммо улар ўз вазифасидан йироқда, умуман бошқа нарсалар, асосан вақтини ҳавойи пиарларга сарфлаш билан овора, дейиш мумкин.
Келинг, улар айни пайтда нималар билан машғул эканини қараб чиқсак. Албатта, янгиликларни доимий кузатмайдиган ёки инстаграм дунёсидан бўшамайдиган ёшлар улар ҳақида деярли билмайди. Қишлоқдагилар эса ўз ташвишлари, тирикчилиги билан банд.
Ботқоқдан чиқолмаётган ўзбек киноси
Яхши, кунлик хабарларни ўқиб турувчи қатлам марказ ҳақида биладими? Билиши мумкин, лекин вазифалари, нима ишлар қилаётганидан бехабар. Чунки сайтида бу ҳақда айтарли ҳеч нима йўқ. Сайтида сўнгги янгилик қўйилганигаям салкам бир ой бўлиб кетган.
10 минг атрофида обуначиси бор Телеграм канали эса асосан раҳбарининг 30 минглик обуначига эга каналини реклама қилади. Сайтида марказнинг мақсад-вазифалари жойланмаган, бир йил олдин жойланган тарғибот материаллари бошқа мавзуларда. Ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари ҳаминқадар, гўё номига юритилаётгандек.
Лекин бошқа онлайн платформалар яратишга пул сарфлашни билади. Марказга ҳар йили миллирдлаб пуллар ажратилади. Ҳар йили маблағ миқдори ошиб боряпти. Масалан, 2023 йилда 65,7 млрд, 2024 йилда 67,8 млрд сўм берилган бўлса, бу йилга 75,4 млрд сўм ажратилган.
Ўз сайтини қўя туринг, qadriyatim.uz, tanlov.manaviyat.uz сайтлари ва мобил иловаларини яратиш учун аввалига 127 млн, кейинчалик 1,2 млрд сўм сарфлаган. Афсуски, бу сайтлар ҳозир ҳам фаол ҳолатда эмас, ишламайди. Пуллар қаерга кетгани номаълум.
Марказ мултфилмлар ишлаб чиқаряпти, китоблар чоп этяпти ва ҳудудларда турли лойиҳалар қиляпти. Масалан, 2024 йилда анимацион медиа-маҳсулот ва видеоролик яратиш учун Astir animation studio МЧЖга 639 млн сўм тўлаган. "Маърифат марафони"ни ўтказишга 449 млн, "Китоблараро 80 кун" лойиҳасига 257 млн сўм ишлатилган.
Бутун бошли видеостудия (PAK JALINGA MAESTRA 4K Komplektatsiya OR) қуриш учун 1,9 млрд сўм ажратилган. "Мен ҳам ҳарбий бўламан" китоб-албомини совғага бериш учун жами 516 млн, "Янги Ўзбекистоннинг фидойиси бўлиб, маънавият тарғиботчисига айланамиз" китобига 82 млн, "Нисбатлар ҳақида" рисолага 18,8 млн ва "Беруний. Сайдана" асарига 47 млн сўм берилган.
Тўғри, балки бу ишлар ҳам керакдир. Турли тадбирлар, тарғиботлар, ўзини пиар қилиш, йўқ сайтларга пул сарфлаш каби юмушлар ўз йўлига. Бироқ марказнинг аниқ вазифаси бор аслида. У миллатни юксалтирадиган ғояларни, мафкураларни ишлаб чиқиб, дунёга танитиш билан машғул бўлиши лозим.
Бу ҳақда таниқли ёзувчи Наби Жалолиддин ҳақ гапни айтган:
“Миллий мафкура деб гапириладию, аслида шу йўқ нарса. Миллий мафкура бўлиши керак, бунинг асосида миллий ғурур туриши керак. Қайси соҳа, қайси ҳолатда бўлмасин, ўзбекни ҳақорат қилишга, пастга уришга йўл очиб берадиган одамларни жавобгарликка тортадиган, уялтириб қўядиган, юзига қора чаплайдиган мафкура бўлиши керак”.
Мана шу тамойил марказнинг ҳаққоний, авлодлар олдидаги масъулиятли вазифаси ва бурчи аслида. Уларга миллат келажаги ишониб топширилган, улар шунинг учун ташкил этилган. Миллатнинг довини кўтарадиган миллий мафкурани ўйлаб, ишлаб чиқиб, шу ҳақда бош қотиришдан бўлак иши бўлмаслиги лозим уларнинг!
Вилоятма-вилоят юриб, ёшларга концерт қўйиб, икки оғиз гапирган билан мардлик ва жасорат сингдирилмайди. Қанақадир янгича ёндашув, янгича ислоҳот, янгича фикрлаш зарур бу ерда!
Биз билмаймиз, биз у ерда ишламаймиз, бунга жавобгар эмасмиз. Марказ шу мақсадда тузилган эканми, демак, яхшигина бош қотириши лозим. Биз йўналиш айтишимиз мумкин холос: миллат руҳини, довини кўтариш керак.
Инстаграмда ўтирадиган авлодга инстаграмни блоклаш билан таҳдид қилиш шартмас, уни керакли контент билан тўлдириш имкони ҳам бор.
Эр-йигитларда мардлик ва жасорат руҳини яна қайта жонлантирадиган лойиҳалар жудаям зарур. Президентнинг ўзи дунёдаги нотинчликдан хавотирда, нега энди биз бир зумга буни унутишимиз керак?! Худо кўрсатмасин, билиб бўлмайди!
Ёшларни китобга қизиқтиришнинг бошқа самарали йўллари ҳам бор. Аслида китобни ҳамма ўзи учун, мукаммал инсон, бировга тобе бўлмайдиган мустақил киши бўлиш учун мутолаа қилиши керак. Шу йўналишда лойиҳа ўйлаш мумкин, агар жа китобхонликни тарғиб қилишни истасангиз.
Масалан, мен болалигимдан китобдан бошимни кўтармаганман, биров бир сўм бермаган. Тўғри, у пайтда интернет ва телефон балоси йўқ эди. Балки бу бизнинг омадимиздир. Лекин интернет замонида, ахборот асрида китоб ва газета ўқиб юрган зиёлилар бор, жудаям кўп. Биздамас, хорижда. Китоблар қўлма-қўл сотилиб, бестселлерга айланади.
Маънавият ва маърифат марказининг асл вазифаси ва иши шундай. Улар миллатимизни жаҳон даражасида юксалтириши, кўкларга кўтариши, зиёли қатламга айлантириши ва буни дунё даражасида тан олдириши лозим. Ана ўшанда Уйғониш даври ўз-ўзидан келаверади. Аввало миллатни уйғотиб олиш керак.
Бу мавзуга, марказ лойиҳаларини бирма-бир кўриб чиқишга яна қайтамиз.
Бобур Жалолов,
Platina.uz сайти бош муҳаррири