Ботқоқдан чиқолмаётган ўзбек киноси
Ривожланишдан тўхтаб қолган Кинематография агентлигини бутунлай ислоҳ қилиш пайти келди. Бир-бирини зўр деб мақтаб ўтирадиган раҳбарлар бор жойда тараққиёт ўлади.

Ўзбек киноси ўлди, деб миллий филмларимизнинг бачканалашиб, ўта маишийлашиб кетганида айтардик. Бу иборага ўрганиб қолгандик. Чунки ҳақиқатан ҳам бундан атиги 5-6 йил аввалгача бўлган даврда шундай саёз ва савиясиз филмлар мўрмалахдек босиб кетганди.
2020 йилда коронавирус пандемияси бошланиб, ўлик киноларимизни ҳам йўқотдик. Кинотеатрлар аввалига пандемия сабаб ҳувиллаган бўлса, кейинчалик росманасига бўшаб қолди. Пандемиядан кейин кинога томошабинлар қайтмади ва ҳамон бу ҳолат давом этяпти.
Бунга бир неча сабабларни топиш мумкин. Биринчидан, пандемия сабаб одамлар ҳамма нарсани интернетда кўришга ўрганди. Кинотеатрга боришга ҳожат қолмади. Камига киночиларимиз ўзлари ишлаб чиқарган маҳсулотини бозорда (кинотеатрда) сотмай, онлайн маркетплейсларга жойлай бошлади.
Иккинчидан, Янги Ўзбекистон даврида янгитдан ташкил этилган Кинематография агентлиги миллий киноконтентни деярли қўллаб-қувватламади, киночиларга рағбат бермади. Аксинча, бюрократияни кучайтирди, киносценарий ёзиш, уни бадиий кенгашга топшириш, тасдиқлатиш ва пул ажратиш жараёнлари қарийб имконсиз қилиб қўйилди.
Яна бир жиҳати, ўзбек киночилари бир муддат пароканда бўлди. Собиқ раҳбарият ўзига ёққан ёки ўзи истаган мавзуга рухсат берди, пул ажратди. Бу ерда энг кўп жабрни хусусий киностудиялар кўрди, дейиш мумкин. Чунки улар учун агентлик бадиий кенгашида сценарийни тасдиқлатиш имконсиз эди, режиссёрлар шу қоғозбозликдан безиб кетди.
Шу тариқа бор киноларимиз ҳам йўқолди. Фақат давлат буюртмаси асосий планга чиқди. Президентимиз тарихий шахслар ҳақида кино олишни топширгани учун ура-ур, ҳайбаракалла "тарихий" кинолар болалади, аммо улар томошабин учун эмасди. Кинотеатрларда айтарли намойиш этилмади, телеканалларда қўйиб туришди. Бироқ шов-шув бўлмади, машҳурликка эришмади, аксинча тезда унутилмоқда.
Масалан, янги чиққан пайтида роса шов-шув бўлган "Исломхўжа" филмини бугун биров эсламайди, кўрмайди. Чунки сюжет кўчирилган, зўрма-зўраки олинган, сохталик бор. Ундан кейин чиққан деярли барча тарихий филмларга нисбатан ҳам шу ибораларни қўллаш мумкин.
Биз кино соҳасида аллақачон Қозоғистон ва Қирғизистондан ортдамиз. Баландпарвоз пи-ар мақолалар, "буюртма" материаллар билан ўзимизни алдаганимиз қолади, бу эса "мен зўр эканман" деган догма тушунчага сабаб бўлади. Шу тариқа ривожланиш тўхтайди.
Энг ёмони, ўзимизнинг миллий тарихий қаҳрамонларимизни қўшниларимизга қўшқўллаб топширяпмиз. Тўмарисни олайлик, қозоқлар жуда ажойиб филм ишлашган, бутун дунёда намойиш этишган. Тўғри, Тўмарис туркий халқлар қаҳрамони, аммо у ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида яшаганини унутмайлик.
Ибн Сино ҳақида инглизлар кино олган, бузиб ташлаган бўлса-да, бутун дунё кўряпти. Бош ролни ўша машҳур Бен Кингсли ўйнаган. Кинематография агентлиги ҳатто сценарийси тугул бир кўриб беришга ярамаган, музокара бўлмаган.
Ёки Бобур ҳақидаги сериални эсланг. Ҳиндистон кенг қамровли қилиб ишлаган. Бизда эса чириб кетган “Бобур” видеофилми бор холос. Атоқли ёзувчимиз Пиримқул Қодировнинг “Юлдузли тунлар” номли романидан зўр сценарий чиқарса бўлади.
Жалолиддин Мангуберди ҳақидаги кинони қаранг. Турклар билан ҳамкорликда ишланган “Мендирман Жалолиддин” сериалини бутун дунё кўрди. Афсуски, ўзимизда тайёр Хоразм турганда Туркия даштларида янги Хоразмни “қуришди”. Деярли барча салбий образларни ўзбек актёрлари, ижобий қаҳрамонларни эса турклар ижро этишди.
Ҳақсиз, буларнинг барчасига пул керак, катта маблағ зарур. Лекин Шавкат Мирзиёев тарихий кино ишлаш ҳақида топшириқ берганида пулдан муаммо бўлмаслигини ҳам айтган.
2024 йилда агентлик бир қатор киноларни ишлади. Кинотеатр учун эмас, юқоридагиларга яхши кўриниш учун. Ўша филмларга миллиардлар ажратилди. Масалан, “Яша, хотин” картинасини олайлик. Бачканалашган яна бир филм. Майли, йўғида шуям дуруст. Аммо шу кинога салкам 2 млрд сўм ажратилганига ишонасизми?
Бу кинони суратга олиш ишлари учун жами 1,9 млрд сўм ажратилган. Шундан ярмини Кинематография агентлиги, қолган ярмини FAN ENTERTAINMENT CINEMA қоплаган. Сценарий муаллифи Матёқуб Матчонов, режиссёр Очил Ҳамидов. Сценарий учун салкам 80 млн сўм гонорар олган Матчонов бош рол ижроси учун яна 74 млн сўм ишлаган.
Кинематография агентлиги, Фарғона вилояти ҳокимлиги ва CINEMA ОF CENTRAL ASIA МЧЖ маблағлари эвазига суратга олинган "Осиё арслони. Казбек" филми учун жами 25 млрд сўм ажратилган. Кино иккинчи жаҳон урушида жасорат кўрсатган ўзбек йигити, собиқ иттифоқ қаҳрамони Мамадали Топволдиев ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Суратга олиш ишлари асосан Беларусда бўлиб ўтиши керак эди. Сценарий учун 48,2 млн сўм, ўзбек актёрлари учун 345 млн сўм, беларус актёрлари учун 887,5 млн сўм ажратилган. Сценарийни С.Аббосов. Ян Миленин, И.Костюченко ёзган, режиссёр Акбар Бектурдиев. Бу филм тайёрми, ҳамон жараёндами ё эсдан чиқиб кетдими, булар номаълум. Лекин 25 млрд пул ажратилган.
Фақат телеканалларда намойиш этилган ва Кинематография агентлиги буюртмаси билан суратга олинган "Эпидемия" киноси учун 1,1 млрд сўм ўтказилган. Бош рол ижрочисига қарийб 30 млн сўм, бошқа роллар ва эпизодлар учун 131 млн сўм, бошқа ишчилар, ижодий гуруҳларга жами 155 млн сўм ажратилган.
Энг шов-шув кўтарган ва ҳозир биров эсламаётган "Баҳодир Ялангтўш" тарихий картинаси учун 30 млрд сўм берилган. Кинематография агентлиги, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ва "Эзгу филм" МЧЖ ўртасида тўғридан-тўғри шартнома имзоланган. Шундан 10 млрд сўм Самарқанд ҳокимлигига, 7,7 млрд сўм эса агентликка улуш бўлиб тушиши айтилган. Кинодаги жами актёрлар учун 127,4 млн сўм гонорар ҳисобланган. Кўряпсизми, 30 млрд қаёқдаю, жами актёрларга бериладиган 127 млн сўм қаёқда?!
Картина сценарий муаллифи ва режиссёри Жаҳонгир Аҳмедов. Бу режиссёр аввал маиший мавзуларда кассабоп филмлар ишлаб юрган. Янги кино даври бошлангач, негадир тарихий киноларга ўтиб кетган.
Кинони қўя туринг, Маданият вазирлиги 10 дақиқали клип суратга олиш учун бюджетдан 2,7 млрд сўм ажратган. "Боболарим" деб номланган бадиий мусиқали кино-клип режиссёри ва сценарий муаллифи – Муҳаммадали Искандаров. Суратга олишга тайёргарлик даври учун режиссёр 13,8 млн, сёмка бошланганда эса 55,5 млн сўм олган. Сценарий учун салкам 7 млн сўм ажратилган. Шунингдек, операторга 55,5 млн, рассомга 97,2 млн, 3 D кадрлар ва симуляциялар учун жами 320 млн сўмдан ортиқ маблағ белгиланган.
Кўряпсизми, гап пулга бориб тақалмаяпти. Кино ишлаш учун миллиардлар ажратилган, аммо бу билан ўзбек киноси ривожланиб кетмади. Киноларимизга савия кирмади. 2024 йилда кинотеатрларимиз ҳувиллаганча қолди. Хўш, унда муаммо нимада?
Муаммо шундаки, кино олишга нисбатан дунёқарашимизни ўзгартиришимиз керак. Юқоридаги амалдорларга ёқадиган эмас, халққа манзур бўладиган филмлар зарур бизга. Ажратилган пуллар фақат кино учун сарфланиши лозим.
Бунинг учун ижодга эркинлик, бюрократияга тўсиқ лозим. Ёш киночиларга йўл бериш, уларни қўллаб-қувватлаш бирламчи масала. Ахир кино эркин муҳитдагина ривожланади. Унга давлат аралашмаслиги ёки аралашувни кескин камайтириши керак.
Қолаверса, ривожланишдан тўхтаб қолган Кинематография агентлигини бутунлай ислоҳ қилиш пайти келди. Ҳур фикрли, эркин сўзли ёшларни, тажрибали ва ўқимишли, кинода суяги қотган жонкуярларни бош қилиш энг тўғри йўл бўлса керак. Бир-бирини зўр деб мақтаб ўтирадиган раҳбарлар бор жойда тараққиёт ўлади.
Бир ботқоқда яшасангизу, атрофингизда “бу ботқоқдан яхшиси йўқ, бошқаларига ўтсак, чўкиб ўламиз”, деб сўйлагувчилар бор экан, ботқоқ кўзингизга жаннатдек кўринаверади. Аввало улардан қутулиб, ботқоқдан чиқиш йўлларини қидириш лозим. Ана ўшанда ботқоқдан ташқарида яшил далалар, сокин ўрмонлар, шарқироқ сойлар, баҳайбат тоғлар борлигини кўрасиз.
Кейинги мақоламизда ўз номининг сийқасини чиқаришдан бошқа ишга ярамаётган “бош маънавиятчиларимиз” ҳақида гаплашамиз.
Бобур Жалолов,
Platina.uz сайти бош муҳаррири