platina.uz
Сиёсат

Кўзи бойланган адолат Ўзбекистонда "туғилмаганмикин"?

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ўзи қизларни зўрласа, судлар ҳоким ё прокурордан қўрқиб титраб турса, судлов тизимига ишонч буткул йўқ бўлса, шундай ўйлар хаёлга келаркан...

Бошқа юртда туғилганида кўзи очиқ бўлармиди...

Кўзи бойланган адолат Ўзбекистонда "туғилмаганмикин"?
Фотоколлаж: Platina.uz

Жорий йилнинг июн ойида Сенат ялпи мажлисида Қашқадарё вилоятидан сенатор Aбдураҳим Эркаев Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизимининг бугунги ҳолатини кескин танқид қилди. Унинг сўзларига кўра, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга қарамай, аҳолининг судларга бўлган ишончи пасаймоқда, мамлакат халқаро рейтингларда ўз ўрнини йўқотмоқда.

У Бутунжаҳон адолат лойиҳаси қонун устуворлиги индекси маълумотларини келтирди, унда Ўзбекистон 83-ўринга тушиб, 5 поғонага, фуқаролик судлови бўйича эса 10 поғонага ёмонлашиб, 106-ўринни эгаллаган.

Сенатор 2023 йилда янги Конституция қабул қилинганига ва қонунчилик базасини мустаҳкамлашга қаратилган саъй-ҳаракатларга қарамай, бу кутилган самара бермаётгани, судлар ҳамон коррупциялашган ҳолатда, қарорлар ижроси паст даражада қолаётганини таъкидлади. Шунингдек, судяларга қўнғироқлар орқали таъсир қилиш ҳолатлари тўхтамагани, уларнинг касбий тайёргарлиги етарли эмаслигини танқид қилди.

“Биз ҳатто Aфриканинг айрим давлатларидан ҳам ортда қоляпмиз”, деди Эркаев ва вазиятни тараққиёт эмас, балки орқага қайтиш деб атади. У аҳолининг адлия тизимига ишончини тиклаш учун зудлик билан тизимли чоралар кўришга чақирди.

Ислоҳотлар даври

Тан олиш керак, Ўзбекистонда барча соҳалар қатори суд-ҳуқуқ фаолияти ҳам ўтган йиллар давомида қатор ислоҳотлар ва эврилишларга учради. Айниқса, 2017 йилда бошланган туб ислоҳотлар диққатга молик. Мазкур соҳа нафақат шаклан, балки моҳиятан ҳам такомиллаштирилишига умид пайдо бўлди. Суд ҳокимияти мустақиллиги ва тизимнинг очиқлигини мустаҳкамлашга қаратилган кўплаб қонунлар ва бошқа меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди. Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини “Инсон қадри учун” тамойили асосида янги босқичга кўтариш, аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли амалий ишлар бошланди ва давом эттирилмоқда.

2017 йилда Судялар олий кенгаши ташкил этилгани ҳам бу тузилманинг халққа яқинлашувига хизмат қилиши мумкин. Бу кенгаш судялар, адвокатлар ва жамоатчиликдан иборат бўлиб, судяларни танлаш, тайинлаш ва аттестациядан ўтказиш учун жавобгардир. Қайд этиш жоиз, 2023 йилнинг биринчи чорагига қадар судяларнинг 98,1 фоизи янгилангани маълум қилинган.

Қамоққа олиш муддатлари қисқартирилди, тергов билан келишувлар тузиш имконияти жорий қилинди, афв этиш амалиёти татбиқ этилди.

Бу даврда фуқаролар ва давлат органлари ўртасидаги низоларни кўриб чиқиш учун маъмурий судлар ташкил этилди. 2017-2023 йиллар давомида 65 мингдан ортиқ иш бўлиб, 58,6 фоиз ҳолатда фуқаронинг даъвоси қаноатлантирилган.

Шунингдек, судлов тизимида шаффофлик, очиқлик ва рақамлаштириш жараёнлари бошланди. 2018 йилдан бошлаб суд қарорлари ва тарафларга тушунтиришлар дарҳол эълон қилиниши белгилаб қўйилди. Ҳамма суд мажлисларида аудиоёзув, видеотрансляция ва “электрон суд” тизими жорий этилди. “Бир суд – бир инстанция” янги тизимида 2021 йилдан бошлаб назорат инстанциялари бекор қилинди.

Судлов тизимида ҳимоячилар – адвокатура ҳам муҳим ўрин тутади. Бу борада ўзгаришлар амалга оширилди. Жумладан, номзодларга қўйиладиган талаблар соддалаштирилди, стажировкалар қисқартирилди; адвокатлар сони 17 фоизга ошди, консултациялар сони 292 мингдан ошди. Жиноят ишлари бўйича 2,5 мингдан ортиқ шахс реабилитация қилинди.

Давлат раҳбари 2020 йилда ўз маърузаларидан бирида одил судлов ва коррупция рейтингини жорий этиш, адвокатларнинг ролини кучайтириш чораларини кўриш бўйича топшириқлар берди.

Кейинги босқичларда Судялар мактаби ташкил этилди. Коррупция хавфини камайтириш мақсадида судялар учун иммунитет кафолатлари ва ижтимоий ҳимояни оширишга эътибор қаратилди.

Судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётига чек қўйилгани ҳам тизимдаги қонун бузилиш ва коррупция ҳолатларининг олдини олишда муҳим қадам бўлди. Бу, ўз навбатида, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ишончли механизмидир. Чунки қўшимча терговга юбориш институтидан воз кечилиши, оқлов ёки айблов ҳукми чиқариш каби масъулиятни зиммасига олмаган судяларнинг “Отангга бор, онангга бор” қабилида иш юритиш ҳолатларига барҳам беради.

Сўнгги йилларда “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили асосида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инсон қадри устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик тамойилларининг амалиётдаги ифодаси бўлиши кутилмоқда.

2025 йилнинг 1 январидан бошлаб миллий амалиётга татбиқ этилган тергов судялари институти орқали ҳимоя кафолатлари мустаҳкамланишига қаратилган.

Аммо, лекин, бироқ...

“Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили асосида суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, инсон қадри устуворлиги, очиқлик ва шаффофлик тамойилларининг амалиётдаги ифодаси бўлиши шубҳасиз. Шунга қарамасдан, суд тизими фаолиятидаги барча камчиликларга барҳам берилди, дейиш қийин. Президент айтганидек, эришилган муваффақиятларга қарамасдан, “одамларимиз ҳали суд-ҳуқуқ тизимидан рози, деб айтишга ҳали эрта”.

Давлат раҳбари айтганидек, судларда ишлар ҳамон эскича услубда кўрилмоқда, адвокатларнинг обрў-ҳурмати ҳамон жуда паст, терговчилар эса ўз устида ишламайди. Адолат ўрнатишга эмас, кимларнингдир топшириқлари асосида “ишлар” ясалади. Ҳаттоки буйруқ бўлса, кўчадаги “столба”ни ҳам қамашга тайёр валломатлар ва каламушлар кўпайди. Ички ишлар органларига келтирилган ёки тергов қилинаётган гувоҳлар ёки гумонланувчиларнинг ўлиги чиқиш ҳолатлари кўпайди. Терговчиларда билим ва тажриба йўқлиги боис, жиноят ва қонунбузарликларни очишда фақат жисмоний қийноқ ва руҳий босим воситасида, фуқароларни қилмаган айбини ҳам бўйнига олишга мажбурлаш ҳолатлари кўпайгани бор гап. Бундай ҳолатлар юзасидан бир қанча терговчи ва ички ишлар идоралари ходимлари судланиб, жазога ҳам тортилгани фикримиз исботи.

Хусусан, судялар кўпинча ижро ҳокимияти, прокуратура ёки маҳаллий ҳокимларнинг босими остида қолмоқда. Шунингдек, суд қарорларига аралашиш, манфаатлар тўқнашуви соясида судяларни тайинлашга таъсир қилишга уринишларга ҳам чек қўйишнинг имкони бўлмаяпти.

Бир нарсани унутмаслик керакки, суд ишига аралашув нафақат судянинг қасамёди, ҳатто Конституциямизнинг “Судялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади”, деган талаби бузилишига олиб келади.

Қолаверса, психологик жиҳатдан, бошқаларнинг илтимоси ёки буйруғини бажарган судяда сохта “виждон тинчлиги” пайдо бўлади. Судя “мен бошқаларнинг буйруғини бажардим, эртага жавобини ўшалар беради, мен эмас” дея ўзини алдашга, қалбини хотиржам қилишга уринади.

Адолат йўқ жойда иқтисодиёт хароб бўлади

Судлов тизими орқали адолатни тиклашга ишончнинг йўқолиши нафақат халқ норозилигига ва давлатга, пировардида келажакка умидни сўндиради, балки иқтисодиёт учун ҳам оғир зарба бўлиб тушади. Маҳаллий давлат идоралари ва ҳокимият вакилларининг ноқонуний қарорлари устидан шикоятлар ва бу субъектлар ўртасида келиб чиққан низоларни кўриб чиқишда судлар холис позицияда турмаса, тадбиркорларнинг ҳам ҳуқуқлари бузилиши давом этади. Охир-оқибат улар ёки хуфиёна иқтисодиётга ўтиб кетишади ва давлат солиқлардан ва назоратдан мосуво бўлади, ёки яна бир тадбиркорлик ва даромад манбаи ўз-ўзидан йўқ бўлади.

Судлов тизимининг одиллиги ва шаффофлиги даражаси юртимизга инвестиция киритмоқчи бўлган хорижликлар учун асосий мезон ҳисобланади. Эски маъмурият даврида кўплаб йирик инвесторлар Ўзбекистонда адолатсизликка учраб, пуллари ва молк-мулкларидан ажралиб қолгани, уларнинг айримлари халқаро арбитраж судларига шикоят қилиб, ютиб чиққани мамлакатдаги инвестицион муҳит борасидаги фикрларни ёмонлаштирди, юрт обрўсини тўкди, инвестицион жозиба ҳавога учди. Тасаввур қилинг, ўз нафсини ва манфаатини бошқалардан устун қўйган 3-4 та харомхўр туфайли бутун давлат ва миллионлаб фуқаролар даромади ва обрўсини йўқотди!

“Бир нарсани тушунинг: сармоя киритмоқчи бўлган инвестор, биринчи навбатда, ўз ҳуқуқларининг суд орқали ҳимояси қанчалик кафолатланганига эътибор қаратади. Раҳбарлар тушунсин: ҳеч кимнинг суд фаолиятига аралашишга ҳаққи йўқ”, деганди Шавкат Мирзиёев.

Судлар фаолиятига ноқонуний аралашув

Президент жорий йилнинг 5 март куни Коррупцияга қарши миллий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида судлов тизимидаги коррупцияга алоҳида эътибор қаратди. Ўзбекистонда суд фаолиятида адолат ва холисликни таъминлаш учун судялар ва адвокатларнинг мустақиллигига эришиш муҳимлигини таъкидлади.

Давлат раҳбари амалга оширилаётган ислоҳотларга қарамай, Ўзбекистонда судяларни йиғилишларга чақириб, кўрсатмалар бериш ҳоллари учраётганини қайд этди. “Барча раҳбарларни қаттиқ огоҳлантираман. Судлар фаолиятига ҳар қандай аралашиш адолатга ҳужум сифатида баҳоланади. Бунинг ортида қатъий талаб ва қатъий жавобгарлик бўлади”, деди Шавкат Мирзиёев.

Дарҳақиқат, бугунги кунда янгиликларни кузатиб, ҳали у, ҳали бу судянинг пора олгани ёки нохолис чиқарган қарори юқори инстанцияларда бекор қилингани ҳақидаги хабарларга кўзимиз тушади. Айниқса, вилоят судларининг қарор ва ҳукмлари бекор қилинаётгани ҳам соҳадаги камчиликларни намоён этади.

Масалан, 2 йил аввал шов-шув кўтарган, ҳаттоки АҚШ томонидан халқаро санкциялар киритилишига ва бутун дунёга шарманда бўлишимизга сабаб бўлган воқеа – Хоразмдаги вояга етмаган етим қизларни зўрлаган ва фоҳишаликка мажбур қилган, давлат қарамоғидаги етимхонани фоҳишахонага айлантирган қўшмачи ва педофил амалдорлар иши ҳам бунга мисол. Мазкур аблаҳлар шу миллатнинг солиқлари ва бойликларидан, унга берилган имтиёз ваколатларидан фойдаланиб, яна тағин шу миллатнинг қизларини хўрлаши ва зўрлаши – ношукрликнинг, тузини еб тузлиққа тупуришнинг энг даҳшатли намунаси бўлди. Бу жиноятчилар орасида адлия тизими мансабдор шахсининг борлиги ҳам ғоят ачинарли. Халқимизда айтилганидек, “онангни қози хафа қилса, дардингни кимга айтасан?!”

Бу шармандали ҳолат мамлакатда халқнинг ҳокимият ва одил судловга ишончини пасайтириб юборди. Қонунчиликда бировни ҳақорат қилгани ёки шилқимлик учун 5-7 йил реал қамоқ жазоси берилгани ҳолда, йиллар давомида ожиза етим қизларни қўрқитиб, зўрлаб келган амалдорлар вилоят суди томонидан атиги 1,5 йилга уй қамоғига ҳукм қилингани халқнинг нафратига сазовор бўлди. Яхшиямки, Олий суд масалани қайта кўриб чиқди ва апелляция суди уларни 3 йилга, манзил колонияда (сақлаш шароити уй қамоғига деярли тенг масканда) жазони ўташга ҳукм қилди. Бундай оғир жазони ўтаган педофил амалдорлар ўз қилмишларидан пушаймон бўлишади ва бундай қатъий, принципиал ва кескин позиция бошқа амалдорларга ҳам ибрат бўлади, деган умиддамиз.

Энг қайғули жиҳати, Хоразмдаги терговчилар ва судянинг нопрофессионал фаолияти, жиноятни хаспўшлашга уриниш бўлгани айтилади. Хўш, вилоят судининг бундай йўл тутишига нима сабаб эди? Баъзилар бу масалага қайсидир манфаатдор шахслар – юқори лавозимдаги нусхаларнинг аралашиб, судга босим кўрсатган бўлиши мумкинлигини тахмин қилишди. Чунки ҳар қандай судяда виждон ва шахсий масъулият бор, ўзи танимаган жиноятчини, яна тағин ҳеч кими йўқ, вояга етмаган, ҳимоясиз етим қизчаларни зўрлаб, фоҳишалик қилишга ундаган нопок ва разил амалдорларнинг жазодан қутулиб қолишига ҳисса қўшишни истамайди.

Ишонч билан айтиш мумкинки, судлар расман мустақил эканига қарамай, воқелик ва амалиёт ҳамон коррупция, тарафдорлик ва ижро ҳокимиятининг аралашуви мавжудлигини кўрсатмоқда. Масалан, мустақил экспертларнинг баҳолашича, прокурорлар иш юритиш бўйича кенг ваколатларга эгалиги судяларнинг қарор қабул қилиш эркинлигини чеклаяпти. Судлар ҳақиқий маънода мустақил бўлмаса, судяларнинг ҳурмати ва обрўсини кўтармасак, соҳада ижобий ўзгаришларни кутиш бефойда.

Масалан, БМТнинг судялар ва адвокатлар мустақиллиги бўйича махсус маърузачиси Диего Гарсия-Сайян 2019 йилда юртимизга ташрифи чоғида Ўзбекистонда суд мустақиллиги юзасидан жиддий қийинчиликлар ва муаммолар бор эканини билдирди. Унга кўра, суд мустақиллигига энг биринчи жиддий тўсиқ коррупция бўлмоқда, хавфсизлик кучларининг ва прокуратуранинг судяларга босими ҳамон сақланиб қолмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, таркибий ўзгаришларга қарамай, судларга ишонч пастлигича қолмоқда. Халқаро рейтингларга кўра, Ўзбекистон суд тизими ҳамон коррупцияга боғлиқ ва заиф ҳисобланади.

Ҳуқуқий саводхонлик ва ислоҳотлар кўлами

Тан олиш керак, судлов тизимида рақамлаштириш ва тарғибот борасидаги катта ислоҳотлар асосан марказда сезилади, чекка ҳудудларда вазият талаб даражасида эмас. Жараёнларнинг очиқлигига қарамай, фуқароларда ҳуқуқий саводхонликнинг, ишонч ва журъатнинг пастлиги ва ислоҳотларга шубҳа билан қараш ҳамон сақланиб қоляпти. Давлат тузилмаларининг таъсири, апелляция фаолиятининг сустлиги ва фуқаролик ҳуқуқларининг заиф ҳимояси қайта-қайта таъкидланса-да, йирик ижобий ўзгаришлар ҳақида ҳали гапиришга эрта. Мисол учун, ЕХҲТ мониторинг миссиялари кузатувчиларнинг судларга киришига чекловлар, айбланувчиларнинг шубҳали иқрорлари ва ўзини ҳимоя қилиш усулларидан фойдаланиш имконияти чекланганини мунтазам таъкидлаб келади.

Нима қилмоқ керак?

Доимо таъкидлаб келинганидек, Ўзбекистонда қонунлар бор, аммо уларга риоя этиш, қонун устуворлигини таъминлаш муаммо. Демакки, қонунга риоя этилиши устидан назорат масуълияти юклатилган идоралар – прокуратура ва бошқа тузилмалар фаолиятини такомиллаштириш устувор вазифа бўлиб қолаверади. Турли идоралар ёки мансабдор шахслар қонун доирасидан, яъни ўз ваколатлари доирасидан четга чиқиши, бошқа давлат идоралари, масалан, судлов тизимига “бурун суқишга” ва босим қилишга уринишига қатъий барҳам берилиши лозим.

Судялар обрўсини тиклаш, муносиб номзодларни тайинлаш механизмини такомиллаштириш жараёнлари ҳам тўхтаб қолмаса, тез орада ижобий самаралар бериши тайин. Тарихимизда ҳатто ҳокимлар ҳам маҳкамага чақирилса, қозидан пастроқда, унинг рўпарасида, даъвогар билан ёнма-ён, чўк тушиб ўтирган. Ҳеч ким қозига ҳурматсизлик қилишга, унга “ақл ўргатишга” журъат эта олмаган. Ўз навбатида қозилар энг ишончли ва ақлли, билим ва тажрибали, обрўли ва виждонли шахслар орасидан танланган. Улар масалани ҳар томонлама ўрганиб, қонун тарозисида етти ўлчаб бир кесган ҳолда ҳукм ва қарор чиқаришга ҳаракат қилишган.

Шу боис, Судялар олий кенгаши назоратни кучайтириш, судялар мустақиллигини нафақат қоғозда, балки моддий ва психологик жиҳатдан ҳам таъминлаш мақсадга мувофиқ бўлади.

Ва албатта электрон суд тизимини оммавий татбиқ этиш ишлари суръатини пасайтирмаслик, барча судларда онлайн эшиттиришлар ва аудиоёзувлар татбиқ этилишини таъминлаш ҳам жуда муҳим.

Бу жараёнда фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлиги ва маданиятини оширишга эътибор қаратиш устувор вазифа бўлиб қолаверади. Бу борада амалий қадамлар қўйилиши, эҳтимол тегишли дастурлар ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилишини кутиб қоламиз.

Шу билан бирга, жаҳон амалиётида мавжуд медиация, ҳакамлик судлари ва низоларни ҳал этишнинг бошқа муқобил механизмларини кенг жорий этиш борасида ўйлаб кўриш зарурга ўхшайди.

Ва энг муҳими, ОАВ, жамоатчилик ташкилотларининг фаолияти ва сўз эркинлиги таъминланиши шарт. ОАВ ходимлари ва блогерлар худди санитар ёки шифокорларга ўхшайди. Улар жамиятдаги муаммоларни, ижтимоий “жароҳат ва хасталикларни” фош қилади, уларга халқ эътиборини қаратади ва ҳал қилинишига эришади. Натижада бутун тана – жамият соғлом ҳолатда қолади. Акс ҳолда – учинчи ҳокимият овози бўғилса, таъқиб остига олинса – турли амалдорлар ва идораларнинг нопок ва ноқонуний ишлари, ўғирликлари “ёпиқ қозон” остида қолиб кетаверади, ҳеч ким бонг урмайди. Манфаатдор кучлар эса бу “яра ва жароҳатлар”ни яширишга уриниб, уларнинг баттар йиринглаб кетиши ва бутун организм – жамиятни заҳарлашига, алал-оқибат давлатнинг қулашига сабаб бўлади. Виждонсиз ва очкўз амалдорлар ҳамда уларнинг айбини хаспўшлаб, нохолис ҳимоя қиладиган судлар ўз манфаатлари йўлида бутун жамият ва давлатни қурбон қилишдан бошқасига ярамайди.

Хулоса

2016-2025 йилларга мўлжалланган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари Ўзбекистондаги энг муҳим ислоҳотлардан биридир. Ўтган давр мобайнида мустақил суд ҳокимиятининг институционал асослари яратилди, шаффофликни таъминлашга уринишлар кузатилди ва рақамлаштириш жараёнлари бошланди.

Бироқ халқ кутаётган ҳақиқий ўзгаришлар ҳали олдинда. Ислоҳотларнинг чекка ҳудудларга-да кириб бориш зарурияти сақланиб қолмоқда.

Нима бўлганда ҳам, ҳақ-ҳуқуқи поймол қилинган, турли адолатсизликлар туфайли жабр чеккан фуқароларнинг ҳақиқат излаб борадиган, кафолатли ҳимоя топадиган ягона маскани суд ҳисобланади. Чунки мазкур институционал тизим фақат даъвони кўриб чиқадиган орган эмас, балки инсон қадри, қонун нуфузи ва халқнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамловчи асосий механизмдир. Унинг қарорлари нафақат бир шахс тақдирига, балки жамиятдаги барқарорлик, қонун устуворлиги ва ижтимоий ишонч муҳитига ҳам катта таъсир қилади.

Юртбошимиз айтганидек, суд биносига кирган одам, Ўзбекистонда адолат ғалаба қозонади, деган ишонч билан чиқиб кетиши керак. Зеро, одамлар ҳамма нарсага чидаши мумкин, лекин адолатсизликка чидай олмайди.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid