Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети контракт нархини 15 фоизга оширди
ЖИДУда кечки, сиртқи ва масофавий таълим шакллари йўлга қўйилмаганлиги сабабли университет молиявий барқарорлигининг катта қисми кундузги таълим шакли тўлов-контракт ҳисобидан амалга оширилиши маълум қилинди.

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети кузатув кенгашининг қарорига асосан, университетнинг 2025-2026-йилларда кутилаётган харажатларини инобатга олган ҳолда, битта талабани тўлов-контракт шаклида ўқитиш қиймати миқдорлари 2025-2026-ўқув йилидан бошлаб қуйидаги тартибда 15% ошириш (индексация қилиш) белгиланди.

Расмий хабарда айтилишича, Ўзбекистонда ходимлар ва профессор-ўқитувчилар ойлик иш ҳақи миқдори 2024 йил 1 октябрдан 10% оширилди ва жорий йилнинг 1 августидан яна 10% оширилиши белгиланган бўлиб, умумий ўсиш 20% ташкил қилади.
2024 йилда товар ва хизматлар бўйича расмий инфляция ўртача 10% ташкил этди. Шунингдек, коммунал хизматлари (иссиқлик энергияси) нархлари ҳам 2024-2025 йилларда 15% ошди.
“Университет ҳисобига келиб тушадиган қўшимча маблағлар ҳисобидан таълим сифатини янада яхшилаш, ходимлар ва профессор-ўқитувчиларнинг иш ҳақи ва унга тенглаштилган тўловларни жорий инфляция (10%) даражасида ошириш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва муносиб рағбатлантириб бориш, инфратузилмани янада ривожлантириш мақсадида тўлов-контракт миқдорини бозор қийматига яқинлаштириш ва рақобатбардош қийматлар даражасида белгилаш мақсадга мувофиқ”, дейилади расмий хабарда.
Қўшимча қилинишича, ЖИДУда кечки, сиртқи ва масофавий таълим шакллари йўлга қўйилмаганлиги сабабли университетнинг молиявий барқарорлигининг катта қисми кундузги таълим шакли тўлов-контракт ҳисобидан амалга оширилмоқда.