platina.uz
Сиёсат

Президент Туркманистонда муҳим учрашувлар ўтказди

БМТ бош котиби билан Марказий Осиёда интеграцияни чуқурлаштириш, Афғонистонни минтақавий ҳамкорлик жараёнларига жалб этиш масалалари муҳокама қилинди. 

Президент Туркманистонда муҳим учрашувлар ўтказди

БМТнинг денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича конференцияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашуви бўлиб ўтди.

Глобал ва минтақавий тараққиётнинг долзарб масалалари, шу жумладан БМТ Бош Ассамблеясининг бўлажак 80-юбилей сессиясини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

Шу маънода, Ўзбекистон етакчиси Бош котибнинг халқаро тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, БМТ ва унинг асосий институтларини замонавий воқеликка мослаштириш мақсадида ислоҳ қилиш борасидаги ташаббусларини қатъий қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, Антониу Гутерришнинг ўтган йил июл ойидаги мамлакатимизга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда 160 та қўшма дастур ва лойиҳа муваффақиятли амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Сўнгги бир неча йилда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 13 та резолюцияси қабул қилинди.

Жорий йилда Ташкилотнинг асосий тузилмалари ва институтлари, жумладан, БМТ-Хабитат ва ЮНИСЕФ раҳбарлари Ўзбекистонга ташриф буюрди, Тошкентда "БМТ-Аёллар" тузилмасининг ваколатхонаси очилди.

Давлат хизмати масалалари бўйича форум биргаликда ўтказилди. Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Мамлакатимиз Глобал барқарор ривожланиш мақсадлари индекси бўйича энг илғор бешта давлат қаторига кирди. БРМга эришиш нуқтаи назаридан БМТ билан ҳамкорлик бўйича янги беш йиллик дастур имзоланиши кутилмоқда.

Марказий Осиёда интеграцияни чуқурлаштириш, Афғонистонни минтақавий ҳамкорлик жараёнларига жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма дастур ва лойиҳаларни кенгайтиришга тайёр эканини таъкидладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркманистонга амалий ташрифи доирасида Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзени қабул қилди.

Савдо-иқтисодиёт, транспорт-логистика ва маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Грузия Бош вазирининг жорий йил март ойида Ўзбекистонга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш натижалари мамнуният билан қайд этилди.

Фаол идоралараро алоқалар давом этмоқда, ташқи ишлар ва иқтисодиёт вазирларининг учрашувлари ўтказилди. Товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажми, қўшма лойиҳа ва корхоналар сони ошмоқда.

Ўзаро товар етказиб беришни кўпайтириш, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, электротехника, фармацевтика, озиқ-овқат тармоқларида, шунингдек, логистика соҳасида кооперация лойиҳаларини илгари суриш бўйича мувофиқлаштирилган чоралар кўриш муҳимлиги қайд этилди.

Авазада ўтаётган БМТнинг Денгизга чиқиш имкони бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича учинчи конференцияси доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва Озарбайжон Бош вазири Али Асадовнинг уч томонлама учрашуви бўлиб ўтди.

Ўзаро манфаатли минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалалари кўриб чиқилди.

Энг аввало, энергетика, транспорт ва логистика, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида кооперация учун имкониятлар мавжудлиги қайд этилди.

Амалий ҳамкорликнинг истиқболли лойиҳаларини ишлаб чиқиш учун мазкур форматдаги мулоқотларни давом эттиришга келишиб олинди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid