Навоийда ҳавонинг ифлосланишига сабаб бўлаётган ўнлаб корхоналар вақтинча ёпилди
Ушбу корхоналарга 10 кунлик муддат берилди. Камчиликларини бартараф этмаган 19 та корхоналарни фаолиятини тўхтатиш бўйича судга даъво аризалари киритилди.

Навоийда ҳавони ифлослаётган ўнлаб корхоналар фаолияти тўхтатилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.
Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги раҳбарияти ҳамда Бош прокуратурадан иборат ишчи гуруҳ Экология вазирининг топшириғига биноан Навоий шаҳрида ўрганиш ишларини олиб бормоқда. Мақсад — атмосфера ҳавосининг ифлосланиш манбаларини аниқлаш, сабабларини таҳлил қилиш ва уларни бартараф этиш бўйича самарали чоралар кўриш.
Ўрганиш икки йўналишда олиб борилмоқда: биринчиси — шаҳарда қайд этилган оқ туман (ёки оқ тутун) манбаини аниқлаш, иккинчиси — саноат чиқиндилари билан боғлиқ умумий экологик вазиятни яхшилаш.
Биринчи ҳолатда, 19 июль куни Навоий шаҳрида атмосфера ҳавосининг оқ тутун билан ифлосланиши бўйича лаборатория таҳлиллари ва бошқа маълумотлар тўпланди. Навоий шаҳри ҳудуди бўйлаб 11 та нуқтадан кўчма лаборатория орқали ҳавонинг ифлосланиш даражаси таҳлил қилинганда олтингургурт икки оксиди (СО₂) белгиланган меъёрдан 1,86 баравар, аммиак (NH₃) эса 1,43 баравар юқори эканлиги маълум бўлди.
Шу куни соат 05:30да (собиқ “Электрокимё” заводи худудида) “Согда кимё завод” МЧЖ, “Ферросплав” МЧЖ ва "Зарафшон industrial technology" МЧЖ заводларига туташ ҳудудда қисқа вақтнинг ўзида концентранланган ташланма шакллантирилган видеотасмаси далил сифатида расмийлаштирилди.
Ушбу корхоналарни текшириш давомида:
1) “Согда кимё завод” МЧЖ давлат экологик экспертизаси хулосасини олмасдан фаолият юритаётганлиги, ўз ҳудудида бетартиб чиқиндихона яратганлиги ҳамда қуриши жараёнида ҳосил бўлган қурилиш чиқиндиларни ҳудудидан ташқарида жойлаштирганлиги, зарарли моддалар очиқ ҳовузда сақланаётганлиги, зарарли моддаларни эритиш жараёнида ҳосил бўлган кислотали сувлар очиқ релефга ташланганлиги, атмосфера ҳавосига назоратсиз ташланмалар чиқараётганлиги аниқланиб, атроф-муҳитга етказилган зарар учун жами 7 млрд 382 млн сўм тўловлар белгиланди;
2) “Ферросплав” МЧЖ давлат экологик экспертизаси хулосаси олмасдан фаолият юритаётганлиги, хомашёни эритишдан ҳосил бўлаётган ифлослантирувчи моддалар атмосферага чиқарилаётганлиги ва саноат чиқиндилари бетартиб тўпланаётганлиги аниқланди;
3) “Зарафшон industrial technology” МЧЖ эса давлат экологик экспертизаси хулосасида белгиланган талабларни бажармаганлиги, рухсат этилган меъёрдан водород сулфид 25 баравар, азот оксиди 12 баравар, аммиак 7 баравар, олтингурут қўш оксиди 2,6 баравар, водород сулфид 40 баравар юқори эканлиги ва олтингугурт сақлаш омборхонасида зарарли моддаларни сақлаш талабларига роия этилмаганлиги аниқланди.
Мазкур саноат корхоналари атроф-муҳитни экологик нормативдан ортиқ даражада ифлослантирганлиги ва белгиланган қонунчилик талаблари қўпол равишда бузилганлиги сабабли Экология вазирлиги томонидан уларнинг фаолиятини тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Мазкур корхоналарга экологик тадбирларни амалга ошириш учун 10 кун муддат берилди. Ушбу муддат ичида корхоналар ўз фаолиятини экологик талабларга мослаган ҳолда йўлга қўймаса, судга тегишли равишда уларнинг фаолиятини тугатиш бўйича даъво аризалари киритилади.
Иккинчи ҳолатда, Навоий шаҳрида умумий экологик вазиятни ўрганиш ва яхшилаш бўйича 3 та гуруҳ шакллантирилиб, шаҳар ва унга туташ ҳудудлардаги 168 та саноат корхонаси фаолияти ўрганилмоқда.
Бугунга қадар 42 та корхона ўрганилиб, экология соҳасидаги қонун талабаларига риоя этмаган мансабдор шахсларга нисбатан жарима чораларини қўллаш учун суд органларига материаллар тайёрланди.
Шу билан бир қаторда ўрганиш давомида 22 корхона — (“Қурилиш маҳсулотлари” (ғишт заводи), “Навоий глобал транс сервис” (гранит), “Иттифоқ” (ғишт заводи), “Қизилқум темир бетон” (плита), “Қизилқум шифер” (шифер), “Стройком-77” (буёқ пегменти), “Кармана кварц” (оҳак заводи), “Навоий утил мед” (тиббиёт чиқиндиларни ёқиш), “Навоий асир инвест” (кимёвий моддалар сақлаш омбори), “БАРНО” (қурилиш чиқиндиполигони), “Навоий шебен хом-ашё” (оҳак ва тош майдалаш цехи), “Навоий шебен хом-ашё” (оҳак завод), “Навоий асир инвест савдо” (цирка кислотаси омборхона), “Монтаж сервис маликработ” (металга ишлов бериш), “Карманасут” (сут қайта ишлаш), “Алибобо-2020” (темир эритиш), “Фосхим агро” (фосфорли ўғит ишлаб чиқариш), “Жаҳон бизнес барака сервис” (оҳак цехи), “Рубин-кармана” (асфальт завод), “Согда кимё завод” (кимёвий ўғит ишлаб чиқариш), “Ферросплав” (металл эритиш) МЧЖлар, “Парда бобо устахонаси” (бетон блок) фаолияти экологик экспертизадан ўтказилмаганлиги, атмосфера, ер ва сув муҳофазаси билан боғлиқ талаблар қўпол равишда бузилганлиги, бетартиб чиқиндихоналар яратилганлиги сабабли уларнинг фаолиятини вақтинчалик тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Ушбу корхоналарга ҳам 10 кунлик муддат берилди. Камчиликларини баратараф этмаган 19 та корхоналарни фаолиятини тўхтатиш бўйича судга даъво аризалари киритилди.
Бундан ташқари, “Навоий азот корхонаси” фаолияти ўрганилганда, корхона ҳудудида ҳосил бўлган қурилиш чиқиндилари белгиланмаган жойларда сақлаб келинганлиги, қурим (сажа) чиқиндиси ёқиб юборилиши оқибатида атмосферга ҳавоси ифлослантирилганлиги аниқланди.
Шунингдек, 29 июл куни корхонанинг карбамид цехида олинган таҳлил натижасида аммиак белгиланган меъёридан 1,08 маротаба юқорилиги, 29 июльдан 30 июльга ўтар кечаси “Навоиязот” АЖ атрофида ўтказилган таҳлиллар натижасида соат 23:43да шарқий ҳудуд атрофида (NH₃) аммиак моддаси миқдори 1,5 марта, (H₂С) водород сулфиди 36 марта, соат 00:16да ғарбий ҳудуд атрофида (NH₃) аммиак моддаси миқдори 6,6 марта (H₂С) водород сулфиди 1,4 марта, (СО2) олтингугурт тўрт оксиди моддаси 1,2 марта меъёрдан юқори чиқиши ҳолати аниқланди.
Оқибатда корхона жарима ва компенсация тўловларига тортилиб, ҳуқуқбузарликни бартараф этиш учун 10 кун муддат белгиланди.
Жорий йилнинг 24 июль куни тунги вақтда ўтказилган тезкор назорат тадбири даврида Навоий шаҳрига чегарадош Кармана туманининг тоғли ҳудудида 24 нафар фуқаро томонидан тегишли рухсатномаларсиз, экологик меъёрларга мутлақо зид бўлган ноқонуний оҳак ишлаб чиқариш фаолияти олиб борилаётганлиги, натижада атмосфера қора тутун ва чанглар билан ифлослантирилаётганлиги аниқланган.
Оқибатда жами 24 нафар фуқарога нисбатан 18 млн сўм жарима белгиланди ҳамда ноқонуний қурилмалар бузиб ташланди.
Фаолиятини экологик экспертизадан ўтказмаган, экологик қонунчилик ва талабларга мувофиқ фаолият юритмаётган корхоналарга жазо чораларини кўриш ва уларнинг фаолиятини экологик ҳуқуқий меъёрларга мослаштириш бўйича Навоий шаҳри бўйлаб ўрганишлар тун-у кун давом этмоқда.
Ўрганишлар натижаси бўйича Навоий шаҳри атмосфера ҳавоси ифлосланишини камайтиришда ҳар бир корхона кесимида амалга оширилиши лозим бўлган экологик тадбирлар дастури шакллантирилади ҳамда Навоий вилояти Халқ депутатлари кенгашига тасдиқлаш учун киритилади, дейилади экология вазирлиги хабарида.