Алибек Кабдурахмонов Ўзбекистон давлат академик катта театрига директор этиб тайинланди
Аввал бу лавозимда Ўзбекистон халқ артисти Рамиз Усмонов ишлаб келганди.

Ўзбекистон давлат академик катта театрига янги директор тайинланди.
29 июл куни Маданият вазирлиги биносида Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков бошчилигида навбатдан ташқари йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда ташкилий масала кўрилди. Йиғилиш давомида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри директори, Ўзбекистон халқ артисти Рамиз Усмоновнинг бошқа ишга ўтиши муносабати билан маданият вазирининг тегишли буйруғига асосан, театр директори лавозимига тайинланган Алибек Кабдурахмонов жамоага таништирилди.
Алибек Кабдурахмонов 1984 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Ўзбекистон Давлат Консерваториясининг “Зарбли чолғу асбоблари” мутахассислиги бўйича тамомлаган.
2005 йилдан Ўзбекистон Давлат консерваторияси қошидаги мусиқали театр-студия оркестри артисти. 2007 йилдан Ўзбекистон Миллий симфоник оркестри зарбли чолғу асбоблари гуруҳининг концертмейстери сифатида фаолият олиб борган. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист унвони соҳиби.