Фарғонада дарс вақти ўқувчиларни театрга олиб борганларга чора кўрилади
Қўқонда мактаб ўқувчиларини театрга олиб бориш бўйича махсус режа-график тасдиқлангани, ҳар бир ўқувчидан 30 000 сўмдан пул йиғилаётгани ҳамда томошалар дарс вақти ҳисобидан ташкил этилаётгани бўйича хабар тарқалди.

Фарғонада дарс вақтида ўқувчиларни театрга жалб этганларга чора кўрилади.
Ижтимоий тармоқларда “Дарс муқаддас эдими ёки театр бизнеси?” сарлавҳаси остида танқидий хабар тарқалди. Фарғона вилояти ММТБ ҳолатга изоҳ берди.
Унда Қўқон шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан шаҳардаги умумтаълим мактаблари ўқувчиларини Мусиқали драма театрига олиб бориш бўйича махсус режа-график тасдиқлангани, ҳар бир ўқувчидан 30 000 сўмдан пул йиғилаётгани ҳамда томошалар дарс вақти ҳисобидан ташкил этилаётгани ҳақида сўз юритилган.
Ҳолат юзасидан Фарғона вилояти Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси изоҳ берди.
Ўқувчиларни дарс вақтида театрга жалб қилиш ҳолати ўрганилди ва тўхтатилди.
Ҳолат юзасидан бошқарма томонидан ўрганиш ишлари давом этмоқда.
"Ўрганиш якунлари бўйича хатоликка йўл қўйган ҳамда вазиятга бефарқ муносабатда бўлган масъул ва мутасаддиларга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини маълум қиламиз", дейилади бошқарма хабарида.





