Россия Олий суди раиси вафот этди
Ирина Подносова президент Путин билан курсдош бўлган ва бир йил аввал юқори лавозимни эгаллаганди.

Россия Олий суди раҳбари вафот этди.
Россия Олий суди раиси Ирина Подносова Москвада вафот этди. Бу ҳақда ТАСС марҳуманинг атрофидаги шахсларга асосланган ҳолда хабар берди.
Маълумот суд идорасида ҳам тасдиқланди, деб ёзади “Интерфакс”. "Ирина Леонидовна вафот этди", дейилади агентлик хабарида ўлим сабаби келтирилмаган ҳолда.
Манбаларга кўра, у оғир касаллик натижасида вафот этган.
71 ёшли Подносова ўтган йилнинг апрел ойида Россия Олий суди раҳбари этиб тайинланган эди.
Ирина Подносова Россия президенти Владимир Путиннинг курсдоши эди. 1975 йилда Подносова Владимир Путин билан бир вақтда Жданов номидаги Ленинград давлат университетининг юридик факултетини тамомлаган.
Олий судга ўтишдан олдин Подносова Ленинград вилоят суди ва умумий юрисдикциянинг иккинчи апелляция судини бошқарган. 2024 йилнинг 23 февралида 1989 йилдан бери Россия Олий судига раҳбарлик қилган (ўша пайтда у ҳали РСФСР Олий суди эди) Вячеслав Лебедев вафот этганди.