Исроил ҳарбийлари озиқ-овқат учун келган фаластинликларга қарата ўт очди
Натижада 32 нафар киши ҳалок бўлган. Озиқ-овқат АҚШ компанияси томонидан тарқатилаётган эди.

19 июл куни Исроил қўшинлари Ғазо жанубида АҚШ компанияси томонидан бошқариладиган озиқ-овқат тарқатиш марказига йўл олган оломонга қарата ўт очди ва камида 32 фаластинликни ўлдирди.
Буни гувоҳлар ва маҳаллий соғлиқни сақлаш расмийлари тасдиқлаган.
Бундан ташқари Исроил авиациясининг анклав шимолидаги Ғазо шаҳрига ҳаво ҳужумлари натижасида яна 18 фаластинлик ҳалок бўлди. Ҳужумлар Ғазо гуманитар жамғармаси (GHF) томонидан бошқариладиган марказлар яқинида содир этилган.
Исроил ҳарбийлари икки ҳодиса ҳақидаги хабарларга жавоб бермади.
GHF май ойи охирида АҚШ ва Исроил кўмагида иш бошлаган. Икки ҳукумат бу ташаббусни Ғазонинг БМТ бошчилигидаги анъанавий ёрдам тарқатиш тизимини ҲАМАС жангарилари таъминотни ўғирлаганликда айблаганидан сўнг бошлаган.
Делаверда жойлашган GFH ўзининг икки ойдан ортиқ фаолияти давомида оч фаластинликларга миллионлаб дона овқат тарқатганини айтган. Маҳаллий расмийлар ва гувоҳларнинг айтишича, тарқатиш нуқталарига етиб боришга уринган юзлаб фаластинликлар Исроил кучлари томонидан ўлдирилган.
Ғазо Соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълум қилишича, 32 қурбоннинг жасади Носир шифохонасига етказилган, яна 70 киши турли даражадаги жароҳатлар билан ушбу муассасага ётқизилган.
Аввалроқ Исроил ва Сурия ўт очишни тўхтатишга келишганди.