Прокуратура ҳовузда чўккан болалар бўйича маълумот берди
Бир нафар бола қаровсиз қолгани оқибатида хонадондаги бассейнга тушиб кетиб вафот этган. Яна бир бола ўта оғир аҳволда қолмоқда.

Тошкентда 7 нафар бола ҳовузда чўкди, улардан 1 нафар бола вафот этган.
Тармоқларда Тошкент шаҳрида 7 нафар бола хонадонлардаги ҳовузда чўкиши оқибатида 2 нафари вафот этганлиги ҳақида хабарлар чиқарилган.
Мазкур ҳолатлар прокуратура органлари томонидан ўрганилди.
Аниқланишича, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига жорий йилнинг 12 май кунидан 10 июл кунига қадар Тошкент шаҳрининг турли ҳудудлардаги яшаш манзилларидан 7 нафар вояга етмаган болани чўкиши билан боғлиқ мурожаатлар келиб тушган.
Шундан 4 нафар вояга етмаган даволанишдан сўнг яшаш манзилларига рухсат берилган, 2 нафар вояга етмаган бола даволанмоқда, шундан 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.
Шунингдек, 1 нафар бола қаровсиз қолганлиги оқибатида хонадонда мавжуд бўлган бассейнга тушиб кетиши натижасида вафот этган. Вояга етмаган бола тиббий муассасага олиб борилган вақтда унда биологик ўлим қайд этилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Чилонзор тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.