10 ёшли бола ўлимига сабаб бўлган ички ишлар ходими 5 йилга "кесилди"
Ходим судда айбига иқрор бўлган ва автомобилнинг тормози ишламай қолгани сабабли уни тўхтата олмаганини айтган. Бироқ экспертиза буни тасдиқламади.

10 ёшли бола ўлимига сабаб бўлган ички ишлар ходими 5 йилга қамалди.
Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳрида хизмат автомобилида йўл-транспорт ҳодисаси содир этиб, 10 ёшли боланинг ўлимига сабаб бўлган ички ишлар ходими 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Ҳодиса 2026 йил 5 апрель куни соат 11:20 атрофида Термиз шаҳрида содир бўлган.
Аниқланишича, Ички ишлар вазирлиги Шахсий хавфсизлик бош бошқармасининг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходими Қ.А. ўзига бириктирилган Nexia-2 хизмат автомобилида иккинчи даражали кўчадан келиб, “Стоп” белгиси олдида тўхтамасдан асосий йўлга чиққан. Шунда у асосий йўл бўйлаб ҳаракатланаётган Cobalt’нинг чап томонига бориб урилган.
Зарба оқибатида Cobalt бошқарувдан чиқиб, пиёдалар йўлаги томон оғган ва шу ерда кетаётган, 2015 йилда туғилган болани уриб юборган. Бола олган оғир тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.
Судланувчи айбига иқрор бўлган, бироқ автомобилнинг тормози ишламай қолгани сабабли уни тўхтата олмаганини айтган.
Бироқ Республика суд экспертизаси марказининг Сурхондарё вилояти бўлими ўтказган экспертиза унинг тормоз ҳақидаги важини тасдиқламаган.
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг ҳукми билан Қ.А. Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди. Унга 3 йилга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.





