Фарғона вилояти ЙҲХБ бошлиғи ишдан олинди
У рафиқаси номига келган юздан ошиқ жарималарни бекор қилдиришда айбланганди.

Фарғонада рафиқаси номига келган юздан ошиқ жаримани бекор қилдиришда айбланган раҳбар ишдан олинди.
Вилоят ИИБ ЖХХ ЙҲХБ бошлиғи подполковник Акмал Аҳмедов эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда ЙҲХХ ахборот хизмати хабар берди.
Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда давлат рақами 40 081 SBA бўлган «Malibu-2» автомашинаси ҳайдовчиси 100 тадан ортиқ қоидабузарлик содир этгани ва уларнинг 106 таси "охирги зарурат ҳолатида қоида бузган" деб топилиб, жарималар бекор қилингани хабар берилган.
Маълумотларга кўра, ушбу автомобил эгаси А.Аҳмедовнинг турмуш ўртоғи бўлган. Ишдан олиш қарори шахсан Ички ишлар вазири томонидан қабул қилинган.
Ҳозирда иш юзасидан тегишли суриштирув ишлари олиб борилмоқда.