Наркожиноятларнинг аянчли оқибатлари намойиш этилди
Ўзбекистон давлат сатира театрида “Тотли рўёлар” номли спектакли намойиши бўлиб ўтди.

2 июл куни Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази ташаббуси билан Ўзбекистон давлат сатира театри томонидан гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг аянчли оқибатларини ёритувчи “Тотли рўёлар” номли спектакли намойиши бўлиб ўтди.
Спектакл бугунги кунда бутун дунёда тобора авж олиб бораётган гиёҳвандлик оқибатларига ва бу балонинг ғам-кулфатлари, фожиалари ҳамда йўқотишларига бағишланган бўлиб, бош қаҳрамонлар ушбу иллатга гирифтор бўлган ёшлардир.
Мазкур спектакл орқали ёшларга бу йўлга киришнинг аянчли оқибатлари, наркотиклар нафақат уларни суиистеъмол қилган инсонни, балки унинг яқинлари ҳаётини ҳам дўзахга айлантириб юборишини кўрсатиб бериш мақсад қилинган.
Бундан ташқари, ёшларнинг манфур кимсалар алдовига тушиб қолмасликлари ва наркожиноятчиларнинг тўрига илинмасликлари учун ҳамиша огоҳ ва ҳушёр бўлишлари нақадар зарур ва шарт эканлиги томошабинларга ҳаётий мисоллар, аччиқ сабоқ сифатида хизмат қиладиган фожиалар билан намойиш этилди.
Тадбир давомида томошабинларга 4 хил намунадаги (ёшлар, ота-оналар ва устозлар учун эслатмалар, шунингдек, наркожиноятларнинг ҳуқуқий оқибатлари тўғрисида) флаерлар тарқатилди.