ОАВ: АҚШ Эроннинг ядровий қудратини йўқ қила олмади
АҚШ разведкасининг ядровий объектларига ҳужумлар таъсирини дастлабки баҳолаши шуни кўрсатди.

Эроннинг ядровий қудрати тўлиқ йўқ қилинмаган. Бу ҳақда CNN хабар берди.
АҚШ разведкасининг Эрон ядровий объектларига ҳужумлар таъсирини дастлабки баҳолаши шуни кўрсатди.
Эрондаги асосий нишонлар тўлиқ йўқ қилинмаган ва дастур бир неча ой орқага сурилиши мумкин, дея хабар беради CNN тўртта хабардор манбага таяниб.
Дастлабки хулосалар АҚШ президенти Доналд Трампнинг зарбалар Эроннинг уран бойитиш заводларини бутунлай вайрон қилгани ҳақидаги такрорий баёнотларига зид келади, деб таъкидлайди телеканал.
Баҳо АҚШ Мудофаа Разведка Агентлиги (DIA) томонидан ўтказилган таҳлилга асосланган, деб хабар берди CNN манбаларидан бири.
Икки манба Эроннинг бойитилган уран заҳираси йўқ қилинмаганини айтди.
"Тахминларга кўра, АҚШ уларни кўпи билан бир неча ойга орқага сурди", - деди манба.
Оқ уй бу баҳога қўшилмаслигини айтди, бироқ унинг мавжудлигини тан олди.
22 июнга ўтар кечаси АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари учта ядровий объектга: уранни бойитиш бўйича Фордо заводига, шунингдек, Натанз ва Исфахондаги объектларга ҳужум қилди. Ҳужумда бункер бустер бомбаларидан фойдаланилган.
Эрон томони жиддий зарар йўқлигини айтди. Доналд Трампнинг айтишича эса АҚШ Эроннинг барча ядровий иншоотларини йўқ қилган.