Эрон ва АҚШ ўзаро музокаралар ўтказгани маълум бўлди
Эрон томони АҚШга Исроил ҳужумларни тўхтатмагунча, музокараларга қайтмаслигини айтган.

Эрон АҚШ билан бевосита музокаралар олиб боргани маълум бўлди.
Ушбу ҳафтадаги музокаралар мамлакатлар ўз мулоқотларини бошлаганидан бери (апрель ойи) энг мазмунли ва тўғридан-тўғри деб номланмоқда.
"Исроил Эронга зарба бера бошлаганидан бери АҚШ махсус вакили Стив Уиткофф ва Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Аракчи бир неча бор телефон орқали гаплашган. Эрон томони Исроил ҳужумларни тўхтатмагунча, Теҳрон музокараларга қайтмаслигини айтган", - дея хабар беради Reuters.
Томонлар май ойи охирида АҚШнинг уранни Эрондан ташқарида бойитиш учун минтақавий консорциум яратиш таклифини муҳокама қилишган.
Теҳрон ҳозирча бу таклифни рад этган.
Аракчи, шунингдек, Уиткоффга, агар Вашингтон Исроилга урушни тугатиш учун босим ўтказса, Теҳрон "ядровий масалада ён бериши мумкин", деди.
Оқ уй матбуот котиби Керолин Лейвитт музокаралар ҳақида шундай деди:
"АҚШ ва Эрон ўртасидаги алоқаларга келсак, музокаралар давом этаётганини тасдиқлашим мумкин. Маълумки, биз улар билан билвосита ва тўғридан-тўғри йўл билан олти марта музокаралар ўтказдик".
Эслатиб ўтамиз, 12 июн куни Исроил Эронга қарши ҳужум бошлади. Расмий Теҳрон эса буни жавобсиз қолдирмади.
Хусусан, эронликлар 19 июн куни Исроилга қарши янги ракета қўллади.