platina.uz
Сиёсат

АҚШда намойишлар: ТИВ ўзбекистонликлар бўйича тарқалган гапларга изоҳ берди

Лос-Анжелесда мигрантлар томонидан уюштирилган намойишларда Ўзбекистон фуқароларининг иштироки ҳақида ахборотлар эълон қилинган. 

АҚШда намойишлар: ТИВ ўзбекистонликлар бўйича тарқалган гапларга изоҳ берди

АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида президент Доналд Трампнинг иммиграция сиёсатига қарши намойишлар кучаймоқда.

Трамп намойишларни қаттиққўллик билан тарқатишга уринмоқда.

Ижтимоий тармоқларда ва айрим электрон оммавий ахборот воситаларида АҚШнинг Лос-Анжелес шаҳрида мигрантлар томонидан уюштирилган намойишларда Ўзбекистон фуқароларининг иштироки ҳақидаги тасдиқланмаган ахборотлар тарқатилди, деб хабар қилмоқда "Дунё" агентлиги.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Ахрор Бурханов баёнотига кўра, ҳозирда мазкур намойишларда Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг иштирок этгани тўғрисида ҳеч қандай расмий тасдиқланган маълумот келиб тушмади.

Шу билан бирга, АҚШдаги барча юртдошларимизни ушбу мамлакатнинг амалдаги қонун-қоидаларига қатъий амал қилишга, тинчлик ва хавфсизликни бузиши мумкин бўлган ҳар қандай оммавий намойишларда иштирок этмасликка чақирилди.

"Ўзбекистон дипломатик ваколатхоналари хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда давом этади. Зарур ҳолларда фуқароларимиз АҚШдаги Элчихонамиз ва Бош консулхоналаримизга мурожаат қилишлари мумкин", – дейилади ТИВ манбасида.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилда қора танли Жорж Флойднинг ўлими АҚШни ларзага келтирганди. Ўшанда ҳам мамлакат бўйлаб намойиш ва тартибсизликлар авж олганди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid