Тошкент вилоятида турли чора-тадбирлар учун 47 млрд сўмдан ошиқ пул сарфланади
Нурафшондаги сунъий кўлни узлуксиз сув билан таъминлаш учун канал қуриш харажатларига 2,1 млрд сўм берилади.

Халқ депутатлари Тошкент вилояти кенгаши қарори билан маҳаллий бюджетдан 47 млрд 193 млн сўм ажратилади. Бу ҳақда 2025 йил 4 июнда чиққан қарорда маълум қилинган.
Пуллар маҳаллий бюджетнинг I чорагида орттириб бажарилган қисми ҳисобидан ажратилади.
Жумладан, Юқори Чирчиқ туманида 2 та кўприк ва йўлни таъмирлаш учун 2,5 млрд сўм, Нурафшондаги сунъий кўлни узлуксиз сув билан таъминлаш учун канал қуриш харажатларига 2,1 млрд сўм, Nurafshon Business city ҳудудида тиббий чақирув пункти харажатлари учун 20 млрд сўм берилади.
Бўстонлиқ туманида халқаро математика фестивалини ўтказиш учун 950 млн сўм, давлат тиббий муассасаларини 961 дона компютер жиҳозлари билан таъминлаш учун 6,6 млрд сўм, Янгийўл шаҳрида соғлиқни сақлаш соҳасида янги тажрибани жорий этиш учун 10 млрд сўм берилади.
Аввалроқ Тошкентда бюджетдан 81,5 млрд сўм ажратилганди.