Тошкентда ЙТҲларнинг олдини олиш учун маблағ ажратилади
Пуллар кўчалар бўйлаб темир панжаралар ўрнатиш ва пиёдалар ўтиш жойлари учун сарфланади.

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов 2025 йил 20 май куни маблағ ажратиш бўйича қарор имзолади.
Унга кўра, шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ишлари билан боғлиқ харажатларни амалга ошириш учун тасдиқланган манзилли рўйхатга асосан, туман Ободонлаштириш бошқармаларига 2 044,0 млн (икки миллиард қирқ тўрт миллион) сўм маблағни ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.
Жумладан, ЙТҲларнинг олдини олиш учун кўча ва йўллар бўйлаб темир панжара ўрнатиш учун 1 млрд 456 млн сўм ажратилади.
Шундан Олмазор туманида 260 млн сўм, Шайҳонтоҳур туманига 156 млн сўм, Бектемир туманига 104 млн сўм, Яккасарой туманига 221 млн сўм ажратилади. Жами 5600 метрлик панжаралар ўрнатилади.
Вояга етмаганлар ўртасида ЙТҲларни камайтириш учун қавариқ пиёдалар ўтиш жойи қуришда 588 млн сўм ажратилади.
Бунинг учун Мирзо Улуғбек туманига 28 млн сўм, Яшнобод туманига 42 млн сўм, Олмазор туманига 86 млн сўм, Сергели, Миробод, Юнусобод ва Шайҳонтоҳур туманларига эса 70 млн сўмдан пул ажратилади.
Мазкур қарор ижросини назорат қилиш ҳокимнинг биринчи ўринбосари Б.Ҳайдаров зиммасига юкланган.
Аввалроқ Хоразмда икки музей учун 10 млрд сўм ажратилганди.