Тошкентда бир йилда ЙТҲлар сабаб қанча одам ҳалок бўлгани очиқланди
Жумладан, бахтсиз ҳодисалар сабаб ўн нафар киши ногирон бўлиб қолган.
Тошкент шаҳар прокурори Эркин Йўлдошев пойтахтдаги йўл-транспорт ҳодисалари билан боғлиқ рақамларни очиқлади. Прокурор шаҳарда автомобиллар сонининг кўплиги ва тирбандлик туфайли шаҳар йўлларида вазият ёмонлашгани фонида бу борада баёнот берди.
Прокурорнинг сўзларига кўра, 2023 йилда Тошкент шаҳрида 95 нафар фуқаро йўл-транспорт ҳодисаларида ҳалок бўлган. Афсуски, ҳалок бўлганлар орасида 10 нафар бола ҳам бор.
Бундан ташқари, йўл-транспорт ҳодисалари натижасида 1248 киши жабрланган. Улардан 10 нафари ногирон бўлиб қолди. Қурбонлар орасида 235 нафар бола бор.
Шунингдек, ҳайдовчилар ўртасида маст ҳолда транспорт воситасини бошқариш билан боғлиқ 4 минг 384 ҳолат аниқланган. 26 ҳолатда маст ҳолда автомобилни бошқариш ЙТҲга сабаб бўлган.
Аксарият ҳолларда бахтсиз ҳодисалар тезликни ошириш, светофорга эътибор бермаслик, масофани сақламаслик ва пиёдалар ўтиш жойларига эътибор бермаслик туфайли содир бўлади, дейилади хабарда.
Аввалроқ Сурхондарёда машинани поезд босиб кетиши оқибатида бир оиланинг беш аъзоси ҳалок бўлганди.