Президент тиббиёт соҳаси бўйича йиғилиш ўтказмоқда
Андижон, Наманган ва Самарқанд шаҳрида поликлиника шифокори кунига 50-60 нафар беморни қабул қилаяпти. Бу ҳеч қандай тиббий стандартларга тўғри келмаслиги айтилди.

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тиббиёт соҳасидаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичида турган устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Ўзбекистонда юқумли бўлмаган касалликлар иқтисодиётимизга ҳар йили 1 миллиард доллар зарар келтириши ҳисоб-китоб қилинган. Тез ёрдамдаги жами чақирувларнинг тўртдан бири сурункали касалликлари бор беморларга тўғри келмоқда.
Масалан, Фарғонадаги 12 та маҳаллада ўтказилган ўрганишда ҳар 10 нафар бемордан 8 нафари оилавий шифокорни четлаб ўтиб, шифохонага ёки хусусий клиникага бораётганини айтган.
Хоразмда эса беморлар оилавий шифокорни эмас, тез ёрдамни афзал кўряпти. Содда қилиб айтганда, тез ёрдам худди поликлиникадек бўлиб қолган.
Андижон, Наманган ва Самарқанд шаҳрида поликлиника шифокори кунига 50-60 нафар беморни қабул қилаяпти. Бу ҳеч қандай тиббий стандартларга тўғри келмайди.
Бухорода оилавий шифокорлар профилактика, скрининг ва даволаш билан шуғулланиш ўрнига беморни шифохонага йўналтирувчи “диспетчер” бўлиб қолгани қайд этилди.
Бу масалаларни на соғлиқни сақлаш масъуллари, на ҳокимлар ўйлаб кўрмагани қайд этилди.
Вилоят ва туман шифохоналарида врачлар, ўринлар, маблағларни тўғри тақсимлашда камчиликларга йўл қўйилаётгани қайд этилди.
Касалланиш юқори бўлган Сурхондарё ва Қашқадарёда ҳар 10 минг аҳоли учун 25 та койка бўлса, Навоийда 31 та, Сирдарёда 34 та даволаниш ўрни тўғри келади.
Аҳоли сони бир хил бўлган Қўрғонтепадаги шифохонада 310 та, Наманган туманида 420 та койка бор. Оқибатда дори учун ажратилган маблағ Қўрғонтепада киши бошига 3,5 минг сўм, Наманган туманида 16 минг сўмга тўғри келаяпти.
Бошқа мисол – Андижон шаҳридаги давлат шифохонасида бюджет ҳисобидаги ҳар 10 та койкага 26 нафар тиббий ходим тўғри келади. Ваҳоланки, хусусий клиникада бу ишларни 5 нафар ходим бажара олади.
Аввалроқ Platina шифохоналарда вафот этаётган беморлар бўйича материал эълон қилганди.