Яккасарой ҳокимининг собиқ ўринбосарига белгиланган жазо енгиллаштирилди
У шериклари билан бажарилмаган ишлар ҳажмини қўшиб ёзиш орқали бюджет пулини ўзлаштиришда айбланган.

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича кассация инстанциясида Яккасарой тумани ҳокими собиқ ўринбосарига нисбатан суд иши кўриб чиқилди.
А.А. муқаддам Яккасарой туман ҳокимининг қурилиш, уй-жой, коммунал хўжалиги, транспорт масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаган.
Айтилишича, “Express Stroy” МЧЖ раҳбари бўлган шахс таниши “Buxoro Mebel Savdo” МЧЖ раҳбари хавфли рецидивист Т. О. ҳамда Яккасарой тумани ҳокимининг қурилиш ишлари бўйича ўринбосари А.А.лар билан кўп миқдордаги ўзларига ишониб топширилган бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилиш мақсадида олдиндан жиноий тил бириктирган.
Улар тумандаги қурилиш объектларидан бирида 553.706.945 сўмлик ишлар бажарилганлиги ҳақида сохта маълумотлар киритилган расмий ҳужжат ҳисобланувчи далолатномаларни қалбакилаштирилган ҳолда 2023 йил ноябр ойида расмийлаштиришиб, унга 91.837.711 сўмлик ҳақиқатда бажарилмаган ишлар ҳажмини қўшиб ёзиш орқали бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишган.
А.А. кассация шикоятида, содир этилган жиноятда унинг айби йўқлигини, ҳеч ким билан тил бириктирмаганлигини, объектларни жойига чиқиб текширганлигини, унинг муқаддам судланмаганлигини, оилалик бўлиб, фарзандлари ва неваралари борлигини, ҳалол меҳнат қилганлигини инобатга олиб, оқлов ҳукми сўраган.
Суд унинг қилмишидан пушаймонлигини, унинг оилавий ва моддий шароитини, оилали бўлиб, қарамоғида 3 нафар фарзанди ва турмуш ўртоғи борлигини, оиласининг ягона боқувчиси эканлигини, иш бўйича етказилган зарарнинг ўрни бартараф этилганлигини, фуқаровий даъвогар вакилининг унга нисбатан даъвоси йўқлигини ва енгиллик бериш ҳақидаги илтимосини инобатга олиб, енгиллик бериш лозим деб топди.
Якуний ҳукмга кўра, собиқ замҳокимга ўташ учун иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 9 ой 13 кун муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси қолдирилди.
Бир йил муддатга корхоналар, муассасалар ёки ташкилотларда мансабдорлик лавозимларини эгаллаш, моддий жавобгарлик вазифаларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш жазоси ҳамда ЖКнинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазолар бекор қилинди.