Хоразм вилояти ҳокими маблағ ажратиш бўйича иккита фармойиш имзолади
Хива шаҳрини ободонлаштириш ва электр қарздорлигини ёпишга 2 млрд йўналтирилади.

Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов 2025 йил 3 май куни маблағ ажратиш бўйича икки фармойишни имзолади.
Биринчи фармойишга кўра, Хива шаҳри ҳудудини ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва манзарали гул кўчатларини сотиб олиш ҳамда ташқи ёритиш чироқлари учун сарфланган электр энергиясидан юзага келган қарздорликни қоплаш учун 2 000 000 000 (икки миллиард) сўм Хива шаҳар маҳаллий буджетига ажратилади. Пул вилоят маҳаллий бюджетининг 2025 йил 1-чорак даромадлар режаси ошириб бажарилган қисми ҳисобидан берилади.
Хоразм вилоятидаги маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва маҳаллаларда инфратузилма ҳамда ободонлаштириш билан боғлиқ энг долзарб масалаларни тизимли ҳал этиш ҳамда аҳолига муносиб турмуш шароитлари яратиш мақсадида 369 534 000 (уч юз олтмиш тўққиз миллион беш юз ўттиз тўрт минг) сўм вилоят маҳаллий бюджетининг 2025 йил 1-чорак даромадлар режаси ошириб бажарилган қисми ҳисобидан ажратилади.
Жумладан, Урганч шаҳрига 59,7 млн сўм, Хива шаҳрига 82,5 млн сўм, Урганч туманига 92,1 млн, Хива туманига 95 млн сўмдан ошиқ пул ажратилади.
Фармойиш ижросини таъминлаш ҳокимнинг биринчи ўринбосари М.Ачилов зиммасига юкланган.