platina.uz
Жамият

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги туннеллар орқали юк ташиганларга ҳукм ўқилди

Қирғиз Республикаси фуқароси ерости йўли орқали Ўзбекистонга умумий баҳоси салкам 6 млрд сўмлик телефонларни олиб кирган. У жиноий гуруҳга раҳбарлик қилган. 

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги туннеллар орқали юк ташиганларга ҳукм ўқилди

Андижонда туннел қазиганларга ҳукм ўқилди.

2024 йилнинг март ойида ДХХнинг Андижон вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, Хонобод шаҳар “А.Навоий” МФЙ ҳудудини Қирғиз Республикасининг Жалолобод вилояти Сузоқ тумани Бекобод қишлоғи билан боғловчи яширин ерости туннели аниқланган эди.

Ва у орқали, товар-моддий бойликларни мамлакатимизга олиб кириш ва олиб чиқиш билан шуғулланувчи уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилганди.

Дастлаб 1986 й.т. Қирғиз Республикаси фуқароси ерости йўли орқали Ўзбекистонга умумий баҳоси 5 млрд 954 млн. сўмлик 812 дона мобил телефон воситаларини олиб ўтиб, мамлакатимиздан эса қиймати 1 млрд. 558 млн. сўмга тенг бўлган 1 кг. 734 гр. ностандарт қуйма олтин буюмларни олиб чиқиб кетмоқчи бўлган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинди.

Тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг Андижон шаҳри ва Олтинкўл туманида яшовчи, 1971, 1979 ва 1980 йилларда туғилган 3 нафар шеригига тегишли манзилларда мазкур ерости йўлаги орқали олиб ўтилган 2 млрд. 839 млн. сўмлик жами 1380 дона мобил телефон аппаратлари, 32 дона қулоқчинлар, 920 дона адаптерлар, 338 дона USB-С кабеллар, 40 дона қувватлагичлар борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.

Ер ости туннели 18-20 метр чуқурликда жойлашган бўлиб, унинг кенглиги 60-70 см.ни, баландлиги 170-180 см.ни, узунлиги эса 300-350 метрни ташкил қилади.

Олиб борилган тергов жараёнларида ушбу уюшган жиноий гуруҳга 1983 й.т. Қирғиз Республикаси фуқароси раҳбарлик қилганлиги аниқланиб, у томонидан гуруҳ аъзолари ўртасида вазифалар тақсимланган. Ҳозирда унга нисбатан ҳам алоҳида жинояти иши олиб борилмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар суди томонидан 1986 й.т. Қирғиз Республикаси фуқароси Жиноят Кодекснинг 182 ва 223-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 6 йил муддатга, 3 нафар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари эса Жиноят Кодексининг 182-моддаси билан айбдор деб топилиб, уларнинг ҳар бири 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди.

Суд ҳукмига мувофиқ, улардан олинган товар-моддий бойликлар ҳамда Хонобод шаҳри А.Навоий МФЙдаги хонадон ундаги “ер ости туннели” кўмиш йўли билан йўқ қилиниб, давлат фойдасига мусодара қилинди.

Бундан ташқари, 1984 й.т. Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг Хонобод шаҳар “А.Навоий” МФЙдаги хонадонида аниқланган иккинчи ерости туннели ҳам суд ҳукмига мувофиқ, тегишли тартибда йўқ қилиниб, мазкур уй ҳамда ашёвий далил сифатида олинган товар-моддий бойликлар давлат фойдасига мусодара қилинди.

Қонунбузарга нисбатан эса 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Тергов жараёнида, ушбу ерости туннеллари орқали Қирғиз Республикасидан олиб ўтилган турли русумдаги мобил телефон аппаратлари Андижон ва Тошкент шаҳарларидаги савдо марказларида сотувга чиқарилганлиги аниқланиб, ҳозирда мазкур йўналишда тегишли суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан келгусида ҳам бу каби жиноятчиларга қарши муросасиз курашиш давом эттирилади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid