Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги марказ собиқ директори жазога тортилди
У шартномалар бўйича воситачилик йиғимларини ундириш чораларини кўрмасдан давлатга жуда катта миқдорда зарар етказган.

2025 йил 2 апрел куни жиноят ишлари бўйича Шайҳонтоҳур тумани судида "Raqamli Transformatsiya Markazi" давлат корхонаси директори лавозимида ишлаган шасхга оид иш кўриб чиқилди. Суд иши нусхаси Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Судланувчи Ш.С. Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг 2022 йилги буйруғига асосан вазирлик қошидаги "Raqamli Transformatsiya Markazi" давлат корхонаси директори лавозимига тайинланган. МЧЖнинг электрон кооперация порталида рўйхатдан ўтган шартномалар бўйича буюртмачи ва етказиб берувчиларнинг ҳар биридан битим суммасининг 0,1 фоизи миқдорида операторнинг воситачилик йиғимлари ушлаб қолиниши белгиланган.
Ш.С. «cooperation.uz» электрон кооперация портали ва янги версиядаги «new.cooperation.uz» электрон дастурий таъминотидан рўйхатдан ўтган айрим шартномалар бўйича буюртмачи ва етказиб берувчиларнинг ҳар биридан 2022 йилда 4.676.983.933,37 сўмлик ва 2023 йилда 7.105.292.111,09 сўмлик, ушбу даврда жами 11.782.276.044,40 сўм миқдоридаги воситачилик йиғимларини белгиланган тартибда ушлаб қолиш ёки уларни ундириш чораларини кўрмасдан, давлатга жуда кўп миқдорда зарар етказган.
Бундан ташқари Ш.С. бир гуруҳ шахслар билан тил бириктириб, уларга асоссиз хизмат ҳақи тўлаб, жами 280.840.700 сўмлик жуда кўп миқдордаги маблағларини растрата йўли билан талон-торож қилган.
Яна бир ҳолатда у «Шартномалар вамеморандумлар имзолаш зоналари ва В2 зоналари»ни жиҳозлаш, очилиш ва ёпилиш аросимлари учун саҳнани жойлаштириш ва тадбирни ўтказиш билан боғлиқ бошқа ҳаражатлар Тошкент шаҳар ҳокимлиги зиммасига юклатилган бўлсада, мазкур тадбирни ташкиллаштириш ва уни ўтказиш учун билан боғлиқ ҳаражатлар учун ЯТТ «Т.Д.А»га жами 191.700.000 сўм миқдоридаги маблағларни ўтказиб, давлат манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказган.
Судда судланувчи Ш.С айбига тўлиқ иқрор эканлигини билдирди.
Якуний суд ҳукмига Ш.С. икки йил муддатга моддий жавобгар шахс ва раҳбарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг 297 баравари миқдорида 100.980.000 сўм жарима жазоси тайинланди. Жарима давлат фойдасига ундирилиши белгиланди.
Суд иши Олий суд порталидан олинди.